Шавкат Мирзиёев ҳам Токиога етиб борди
Жамият
−
18 Декабрь 2350 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 декабрь куни расмий ташриф билан Токио шаҳрига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ханеда” халқаро аэропортида давлат раҳбарини Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазири Ёшимаса Хаяши, ўзбек аслли Япония Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эри Арфия ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати эълон қилган расмлардан Президент Мирзиёев Эри Арфияга гулдаста ҳадя қилганини кўриш мумкин.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 19-20 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Президенти Япония Императори Нарухито, Бош вазири Санаэ Такаичи ва бошқа расмийлар, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси “Марказий Осиё – Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этади.
Токиода “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Саммит якунлари бўйича Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.
Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 17 декабрь куни расмий ташриф билан Японияга етиб борганди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса бугун, 18 декабрь куни Японияга етиб борди. Уларни ҳам Эри Арфия кутиб олди.
Live
Барчаси