Шакира солиқ фирибгарлиги бўйича судланяпти
Маданият-санъат
−
21 Июль 2023
5720Колумбиялик машҳур қўшиқчи Шакира солиқ фирибгарлиги бўйича айбланмоқда. Хонанданинг ўзи эса булар ёлғон айблов эканлигини айтган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Бу хонанданинг солиқ қарздорлиги билан боғлиқ биринчи маротаба айбланиши эмас. 2022 йил июль ойида ҳам испаниялик прокурор Шакиранинг солиқ тўламагани учун қарзи борлигини даъво қилиб ҳужжатлар тақдим этган ва унга 8 йиллик қамоқ жазоси берилишини талаб қилган эди. Унга кўра, Шакира 2012 йилдан 2014 йилгача олинган даромадидан 14,5 миллион евро солиқ тўламагани учун судга тортилиши керак эди. Хонанданинг ўзи эса айбловларнинг ёлғон эканлигини айтган.
Кеча 20 июль куни Барселона яқинидаги суд иккинчи иш бўйича тергов очишга рози бўлди. Унда испан судьяси давлат прокурорлари билан Шакиранинг 2018 йилдан бери содир этган солиқ фирибгарлиги бўйича ишни ва аввалги ёпилмай қолган айбловни ҳам кўриб чиқади. Иккала иш бўйича суд Барселона яқинидаги Esplugues de Llobregat шаҳарчасида бўлиб ўтади.
Судга юбориладиган биринчи иш Шакиранинг 2012-2014 йилларда яшаган уйи билан боғлиқ. Шакира бу даврда ушбу уйда яшамаганини айтмоқда. Барселона прокурорлари Grammy ғолиби ўша даврнинг ярмидан кўпини Испанияда ўтказгани ва унинг расмий қароргоҳи Багама оролларида бўлса ҳам, мамлакатда солиқ тўлаши керак бўлганини даъво қиляпти.
"Санъаткор ҳар доим қонунга мувофиқ ва молиявий маслаҳатчиларига таяниб ҳаракат қилган", дейилади Шакиранинг жамоатчилик билан алоқалар фирмаси Llorente y Cuenca`нинг баёнотида.
Компаниянинг таъкидлашича, ҳозир Майамида яшовчи Шакира иккинчи тергов ҳақида хабарномани ҳалигача олмаган.
“Шакира энди Майамидаги бадиий карьерасига эътибор қаратган ва хотиржам. Чунки у молиявий муаммоларини ижобий ҳал этишига ишонади”, деди фирма вакили.
Эслатиб ўтамиз, Шакира бундан бир йил аввал фудболчи Жерар Пике билан ажрими ва болаларини олиб қолиш масаласида ҳам судлашган.
Севара Ҳусниддинова