Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилги ИҲТ туризм пойтахти этиб танланди
Жамият
−
17 Декабрь 2022
9168Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 2024 йилги туристик пойтахти этиб танланди. Ушбу қарор 13 декабрь куни онлайн режимда бўлиб ўтган ИҲТ давлатлари туризм вазирларининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинди. Бу ҳақда ИҲТ матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Абдуҳакимов туризм маданий анъаналарни қўшиш орқали минтақа халқларини бирлаштирувчи энг мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозири туризм соҳаси ташкилотнинг 2025 йилга мўлжалланган режаларига мувофиқ ривожланишнинг устувор йўналишлари қаторига киритилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ИҲТ минтақасида ЮНЕСКО рўйхатидан ўтган 74 та Жаҳон мероси мавжуд.
ИҲТ Бош котиби хорижлик сайёҳлар учун чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларининг соддалаштирилгани, виза режимининг енгиллаштирилиши ва либераллаштирилиши бутун минтақада туризм индустриясини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Йиғилиш иштирокчилари аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий асоси сифатида ИҲТ минтақасида COVID-19дан кейин туризмни жадал тиклаш, хавфсиз ва барқарор ривожланишига кўмаклашиш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз ва Туркиянинг Эрзурум шаҳарлари 2024 ва 2025 йилларда ИҲТ туризм пойтахти сифатида танланди.
Шунингдек, туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Самарқанд декларацияси қабул қилинди ва эълон қилинди.
ИҲТ туризм вазирларининг навбатдаги 5-йиғилиши 2023 йилда Эроннинг Ардабил шаҳрида бўлиб ўтади.