Шаҳбоз Шариф тантанали кутиб олинди
Жамият
−
26 Февраль
3288Бугун, 26 февраль куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди.
Биргаликда суратга тушилгандан сўнг тор доирадаги музокаралар бошланди.
Музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, енгил ва чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш борасидаги қўшма режалар диққат марказида бўлади.
Шунингдек, ташриф доирасида маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилиши ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилиши ҳам айтиб ўтилган. Саммит якунида Қўшма декларация ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Қолаверса, ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида етакчилар Ўзбекистон-Покистон қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этишлари белгиланган.
LiveБарчаси
Тренддагилар

