ШҲТда хавфсизлик таҳдидларига жавоб бериш маркази яратилади – Путин
Олам
−
04 Июль
6217Бугун, 4 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолишини айтиб, ШҲТнинг аксилтеррор тузилмаси негизида хавфсизлик таҳдидларига жавоб берадиган универсал марказ ташкил этилишини маълум қилган. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“ШҲТнинг минтақавий аксилтеррор тузилмасини хавфсизликка таҳдидларнинг барча турига жавоб берадиган универсал марказга айлантириш бўйича бугун қабул қилинган қарорлар ҳам айнан хавфсизликни сақлашга қаратилган”, дейди Путин.
Қайд этилишича, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида наркотикларга қарши кураш маркази ҳам ташкил этилади. Россия Президентининг сўзларига кўра, саммитда тасдиқланган ҳамкорлик дастури ШҲТ маконида сепаратизм ва экстремизмга қарши курашга ҳисса қўшади.
Маълумот учун, Владимир Путин жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда Евросиё қитъасидаги барча давлатлар, жумладан, НАТОга аъзо мамлакатлар учун очиқ янги хавфсизлик тузилмаси зарурлигини айтганди. Кремлнинг қўшимча қилишича, ШҲТ саммитида Евросиё учун ҳам хавфсизликнинг янги тизимини яратиш масаласи тилга олинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин ШҲТ саммитида қатнашиш учун Қозоғистонга келганди. Сўнгра Россия Президенти Остона шаҳрида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Шунингдек, ШҲТ Бош котиби ўзгаргани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси