Севара Назархон муҳтожларга кўмаклашувчи марказда кўнгилли ёрдамчи бўлди
Жамият
−
11 Апрель 2020
6561Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилганди.
Аҳолини мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида очилган Call-марказнинг 1197 қисқа рақами соат 9:00 – 17:00 оралиғида мунтазам ишламоқда.
Call-марказда алоҳида тайёрланган мутахассислар эмас, балки исталган кўнгиллилар ишлаяпти. Уларнинг орасида ҳатто эл таниган машҳур хонандалар ҳам учраб турибди. Шундай инсонлардан бири хонанда Севара Назархон.
Хонанда Севара Назархон карантин вақтида муҳтож кишиларга кўмак берувчи 1197 рақами Call-марказ фаолиятига ёрдамлашди. Буни хонанданинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида жойлаштирган видеодан кўриш мумкин.
Хонанданинг маълум қилишича, Call-марказга кунига 200 минг мурожаат тушяпти.
Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкилотчиларидан бири бўлган Ёшлар Иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев QALAMPIR.UZ билан онлайн суҳбатда Call-марказ фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтди. Саъдуллаев марказда бу борада ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган 50 нафар волонтёр ёшларнинг ҳар бири кунига 100 дан ортиқ мурожаатчилар билан мулоқотда бўлаётганини эътироф этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 729 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 3 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor