Сеул Украинага разведка ходимларини юбориши мумкин – ОАВ
Олам
−
22 Октябрь
4296Жанубий Корея ҳукумати ва ҳарбийлари Украинага шахсий таркибни, жумладан Шимолий Кореяга қаратилган разведка ходимлари ва Шимолий Корея тактикаси бўйича мутахассисларни “жўнатиш режасини кўриб чиқмоқда”. Бу ҳақда кеча, 21 октябрь куни Жанубий Корея разведкасига таяниб, “Newsweek” журнали хабар берди. Жанубий Кореянинг “NewsPim” медиа компанияси ҳам трансфернинг эҳтимолий режалари ҳақида хабар берди.
“Newsweek” нашрининг аниқлик киритишича, агар Шимолий Корея аскарлари Украина қўшинлари томонидан асирга олинса, Украинадаги Жанубий Корея ходимлари сўроқ ўтказади ёки уларнинг кўрсатмаларини таржима қилади. Шунингдек, ходимлар Киевга Шимолий Кореянинг ҳарбий тактикаси, доктринаси ва операциялари ҳақида маълумот беради.
Корея Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳам кеча, 21 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда Украинага ўлимга олиб келувчи қурол-яроғ етказиб бериш чораларини кўриб чиқиши ва бу борада “очиқ позиция” сақлаб туришини маълум қилди. Шу пайтгача Сеул Киевга Россия Федерацияси билан урушда фақат гуманитар ёрдам кўрсатган.
НАТО Бош котиби Марк Рютте 21 октябрь куни Шимолий Кореяни Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга қўшин юборишдан огоҳлантирди.
"Бу сезиларли эскалацияни англатади", деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Рюттенинг сўзларига кўра, у аллақачон Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль билан вазиятни муҳокама қилган, ундаги разведка маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга 1500 нафар аскарини жойлаштирган. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, улар ҳозирда Россия шарқида тайёргарликдан ўтмоқда ва кейин Украинадаги фронт чизиғига жўнатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги ҳам разведка манбаларига таяниб, Пхеньян фронтга “12 минг аскардан иборат тўртта бригада, жумладан, махсус кучлар бўлинмаларини” жўнатмоқчи эканини хабар қилган эди. 18 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу айбловларни изоҳлар экан, Рютте альянсда Шимолий Корея аскарларининг жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этиши ҳақидаги тасдиқ ҳалигача йўқлигини айтди. Бироқ у Пхеньяндан Москвага қурол, технология ва янги ишланмалар кўринишида кенг кўламли ёрдам кўрсатилаётганига ишора қилди, бу эса Украина ҳамкорлари орасида хавотир уйғотмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни Москванинг ўз мамлакатига қарши тажовузкор уруши авж олишининг янги босқичи сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, гап "Украинага қарши урушга бошқа давлатнинг амалда кириши" ҳақида кетмоқда.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь