Сеул Шимолий Кореяни яна ахлат шарларини учирганликда айблади

Олам

image

Бугун, 21 июль куни Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегарадан яна чиқинди шарларини учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея қўшинлари бош штаби маълум қилди.

Штаб маълумотларига кўра, чиқинди тўлдирилган шарлар Кёнгидо провинцияси томон учирилган. Расмийлар аҳолини ерга қулаган нарсаларга тегмасликка, шарларни кўрганда ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки ҳарбийларга хабар беришга чақирган.

Икки кун аввал Сеул Шимолий Корея чегараси бўйлаб карнайлар орқали халқаро янгиликлар, демократия ва капитализм ҳақидаги маълумотлар ва К-pop мусиқаларини эшиттиришни қайта бошлади. Жанубий Корея томони бу қадамни Пхеньяннинг ҳаво шарлари ёрдамида амалга ошираётган ёвуз, шармандали ва қўпол ҳаракатларига муносабат сифатида изоҳлади. Навбатдаги ахлат шарларидан сўнг, Сеул бу жараённи яна кучайтирди.

Жорий йилнинг май ойидан бери Шимолий Корея жанубий чегара орқали 2 мингга яқин ҳаво шарларини учирди, уларга ахлат ва гўнг солинган қоплар ёпиштирилган. Пхеньян буни жанубий кореялик фаолларга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни танқид қилган варақалар, доллар купюралари ва машҳур К-pop мусиқий видеолари ва телефильмлари жой олган USB-дискларига жавоб эканлигини айтди.

Сеул ўтмишда овоз кучайтиргичли эшиттиришларга мурожаат қилган, бироқ Кореялараро кескинликни юмшатиш учун 2018 йилда Пхеньян билан келишувга эришгач, уни тўхтатиб қўйган. Шимолий Корея ракета дастурини олға сургани ва жанубий қўшнисини “биринчи рақамли душман” деб эълон қилгани сабабли пакт амалда тўхтатилди. Июнь ойи бошида Жанубий Корея келишувни тўхтатиб, демаркация чизиғи бўйлаб ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея томонидан учирилган ахлат шарлари Сеулга етиб боргани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Шимолий Корея ахлат шарлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг