Сергелидаги фожиада вафот этган боланинг оиласига давлат ёрдам берадими?
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
13254Хабарингиз бор, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонанинг портлаши оқибатида ушбу ҳудудга яқин кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи 2006 йилда туғилган Аброрхўжа Аббосхўжаев вафот этган эди.
QALAMPIR.UZ жамоаси бугун, 29 сентябрь куни ҳам воқеа содир бўлган ҳудудга бориб, тиклаш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди ва ҳодиса жойида бўлиб турган Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Шавкат Умурзоқовга микрофон тутди.
“Марҳумнинг ота-онаси билан гаплашдим. Улар жудаям тушкун ҳолатда. Фарзанд доғини душманингизга ҳам раво кўрмайсиз. Ҳамма ёрдамни қиляпмиз, лекин, ўзларига ҳам айтдикки, бироз ҳолатлари яхшилангач, яна кўришиб, суҳбатлашамиз. Хотиржам бўлгач, нима ёрдам кераклигини айтишса, албатта ёрдам берилади”, дейди Умурзоқов.
У сўзида давом этаркан, атрофидаги саховатпеша дўстлари ҳам жим қараб турмагани, кимга қандай ёрдам керак бўлса, тайёрлигини билдирди.
“Қанча ўртоқ ва танишларим қўнғироқ қилиб, кимга нима ёрдам берайлик, деб сўрашмоқда. Бундай одамлар йўқ эмас. Вилоят ҳокимлари қўнғироқ қилишяпти, нима ёрдам берайлик [деб сўрашяпти]. Раҳмат, Ҳукуматимиз томонидан ҳамма шароит қилиб берилди”, дейди Умурзоқов.
305-мактабнинг 11-синф ўқувчиси бўлган Аброрхўжа Аббосхўжаев портлаш содир бўлган вақтда ўз уйида, хонанинг деразага яқин қисмида ухлаётган бўлган. Кучли зарбдан хона ичига қулаган ром ойнаси боланинг бўйнини кесиб юборган. Бола воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.
Эслатиб ўтамиз, Сергелидаги ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган.
Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдами кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
LiveБарчаси