Тошкентда яна ёнғин
Жамият
−
24 Август
3401Сергелида яна ёнғин. Кундузги соат 9-10 атрофида ижтимоий тармоқларда атрофни қора тутун қоплагани акс этган видеолар тарқала бошлади. Уларга кўра, Сергелидаги омборларда яна ёнғин содир бўлган. QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига етиб келди.
Ёнғин Янгиҳаёт тумани, “Янги Дархон” МФЙ, Янги Дархон кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш цехларидан бирининг омборхонасида содир бўлган.
Ҳудудда яшовчи фуқаронинг сўзларига кўра, эрталаб атрофдаги хонадонларни қора тутун қоплай бошлаган. Яқинроқдаги кўчаларда яшовчи одамлар эса портлаш овозини эшитганини ҳам маълум қилди.
Шу ҳудудда савдо қилувчи аёлнинг сўзларига кўра, бир кун аввал омборда электр симида қисқа туташувлар кузатилган. ФВБ ахборот хизмати бошлиғи эса ҳолатга туташув сабаб бўлган ёки йўқлиги текширувлардан сўнг аниқ бўлишини маълум қилди.
Майдони тахминан 5000 квадрат метр бўлган омборда юз берган ёнғин 2 соат деганда ўчирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеага омборда сақланаётган тез алангаланувчи суюқлик сабаб бўлган.
Ўтган йили 28 сентябрь куни ҳам Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхона портлаши оқибатида ҳудудда ёнғин чиққанди. Портлашда 17 яшар бола қурбон бўлган. Ушбу ёнғинда эса дастлабки маълумотларга таяниб, ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда.
Ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг сўзларига кўра, кеча тунги соат 2 лар атрофида омборда электр туташув юз берган. Ҳозирча ҳолатнинг аниқ сабаблари очиқланмади. Воқеа тафсилотларини QALAMPIR.UZ’нинг расмий саҳифалари орқали кузатиб боринг!
LiveБарчаси