Сергелида “Ақлли туман” платформаси ишга туширилди

Жамият

image

Бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Сергели тумани ҳокимлигига ташриф буюриб, туманда рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сергели тумани ҳокимлиги биносида ҳокимлик билан бирга яна бешта ташкилот фаолият юритмоқда. Улар “ягона дарча” тамойили асосида аҳоли ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ турдаги давлат хизматларини кўрсатмоқда.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига онлайн мурожаат юбориш имконини берувчи махсус қурилма ишга туширилган. Тизим орқали мурожаат юборилганда навбатчи инспектор мурожаатчи билан видеоалоқа ўрнатади, мурожаат автоматик равишда рўйхатга олинади ва фуқаро хизмат сифати ҳамда инспектор фаолиятини баҳолаш имкониятига эга бўлади.

Давлат раҳбари бундай “ақлли” қурилмаларни аҳоли гавжум жойлар, бозорлар ва бошқа объектларда кенгроқ жорий этиш бўйича топшириқ берган.

Ташриф давомида ҳокимлик ҳузурида ташкил этилган вазиятлар маркази фаолияти ҳам тақдим этилган. Сунъий интеллект асосида ишловчи “Ақлли туман” платформаси 17 та ахборот тизимини ўзаро боғлаган. У ижтимоий ва коммунал муаммоларни мониторинг қилиш, фуқаролар мурожаатлари ижросини назорат қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларда тегишли хизматлар фаолиятини тезкор мувофиқлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари, тумандаги 46 та маҳалла видеоконференцалоқа орқали вазиятлар марказига уланган. Ҳозирда 25 та мактабни ҳам ушбу тизимга интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, платформа таркибидаги “Хавфсиз туман” тизими ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси эса сунъий интеллект ёрдамида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини оширишга қаратилган. “AИ Давомат” тизими эса мактабларда дарс қолдириш ҳолатларини назорат қилиш ҳамда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев вазиятлар маркази фаолияти билан танишар экан, мазкур тизимни Тошкент шаҳрининг барча туманларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича топшириқ берган. Шунингдек, ташриф давомида пойтахтда таълим тизими ва қурилиш соҳасини рақамлаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқлар йиғилувчанлигини ошириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Сергели туманидаги “Ўзгариш” маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда ерусти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг