Серегелидаги зарар тадбиркорнинг бўйнига илинмайди – Шавкат Умурзоқов 

Жамият

image

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Сергелидаги портлашдан зарарланган кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишлари бугун, 29 сентябрь куни якунига қадар якунланишини ва бунда барча сарф-харажатлар давлат томонидан қопланишини айтди. Бу ҳақда ҳоким QALAMPIR.UZ мухбирига берган интервьюсида маълум қилди. 

Умрзоқовнинг билдиришича, портлаш ҳудудига яқин жойлашган 26 та кўп қаватли бинодаги 592 та хонадон таъмирланмоқда. Бу жараённинг боришига энг кўп халақит бераётган ҳолат – бу ромларнинг етказиб берилишидаги тўхталишлардир. Ҳисоб-китобларга кўра, зарарланган ҳудудни қайта жиҳозлаш учун 3,5 минг квадрат метр ҳажмдаги ромлар талаб этилади. Кеча, 28 сентябрь куни уларнинг минг квадрат метри етиб келган. 

“Бугун ҳудуднинг қайси қисмида нима иш қилиниши, қаерни тозалаш ва таъмирлаш кераклиги кеча соат 18:00 га қадар аниқлаб олинган эди. Ҳозирда барча ишлар режа бўйича кетмоқда ва ўйлашимча, бугун кечгача барча ишни якунлаймиз”, дейди ҳоким.

QALAMPIR.UZ мухбирининг “Ҳозирда тадбиркорлар томонидан арзон нархларда етказиб берилаётган маҳсулотларнинг тўлови давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериладими? Барча ишлар якунига етгач, харажатлар уларнинг зиммасига юклаб қўйилмайдими?” деган саволларига Тошкент шаҳар ҳокими қуйидагича жавоб берди:

“Ҳар битта қилинаётган сарф-харажатлар ҳукуматнинг махсус комиссияси томонидан ҳисоб-китоб қилиб борилмоқда. Яъни, бу ерда тадбиркорнинг бўйнига ҳеч нарса тушмайди. Ҳатто баъзи тадбиркорлар ўз маҳсулотини текинга бераман деганига ҳам рад жавоби берилмоқда ва биз улардан маҳсулотларни сотиб оляпмиз. Бу масалада жамоатчиликда ҳар хил тушунмовчиликлар бўлмаслиги керак”, дейди Шавкат Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.

Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди. 

Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади

“Биз бу масалани 2-3 кун ичида ҳал қиламиз”, деган у.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Умрзоқов Серегелидаги портлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг