Сербияда мактабдаги отишма сабабли уч кунлик мотам эълон қилинди
Олам
−
05 Май 2023
3849Сербиянинг Белград шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчи уюштирган отишма оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлганди. Мамлакат ҳукумати отишма қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда Таълим вазири Бранко Ружич маълум қилди.
Келтирилишича, вазир Бранко Ружич, Соғлиқни сақлаш вазири Даница Груйичич ва Ички ишлар вазири Братислав Гашич ҳукуматда матбуот анжумани ўтказган.
Тадбир ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланган.
“Сербия Республикаси Таълим вазирлиги номидан Сербияда ва таълим тизимида яқин тарихда юз берган энг катта фожиа муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдираман. Ҳукумат бутун Сербияда уч кунлик мотам эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилди, иккинчи сменадаги дарслар бугун бекор қилинди ва эртага бир дақиқалик сукут билан давом этади”, дейди Ружич.
Эслатиб ўтамиз, 3 май куни эрталаб Белграднинг Вракар маҳалласидаги Владислав Рибникар мактабида 14 ёшли ўсмир отишма содир этди. Отишма оқибатида 16 бола жароҳатланган. Ўқувчилардан бири бошидан жиддий жароҳат олиб, оғир аҳволда реанимацияда ётибди. Яна иккитаси ўқдан жароҳат олган.
Расмий тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ўсмир намунали ўқувчи бўлиб, шифокорлар оиласида тарбияланган.
LiveБарчаси