Сенатор пойтахтдаги тирбандликларда вилоятликларни айблади
Жамият
−
24 Сентябрь 15093 1 дақиқа
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев Тошкент шаҳрида юзага келаётган тирбандликларда вилоятликларни айблади.
Гадоевнинг сенатор сўровида “пойтахт йўлларида юзага келаётган тирбандликлар аҳолининг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратилган”.
Сенатнинг ёзишича, шунингдек, ўқув йили бошланиши билан Тошкент шаҳрида ҳаракат кескин кучайиб, айрим вақтларда тирбандлик даражаси энг юқори – 10 баллгача бўлаётгани, бу эса ишга, ўқишга ҳамда турли мақсадларда пойтахтга йўл олган минглаб фуқароларнинг вақти зое кетишига олиб келаётгани таъкидланган.
“Ҳар куни 1 миллионга яқин киши пойтахтга ташриф буюради, уларнинг 275 минг нафари Тошкент вилоятидан келмоқда. Вилоятнинг туташ ҳудудларидан минглаб автомобилларнинг эрталаб пойтахтга кириб, кечқурун ортга қайтиши эса тирбандликларни янада кучайтирмоқда”, дейилади хабарда.
Сенатор сўровида вазирликдан Тошкент шаҳрида тирбандликларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган чоралар, “Интеллектуал транспорт” тизимининг амалдаги ҳолати, жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш жараёни, шунингдек, Президент томонидан белгиланган вазифалар ижро этилиши ва уларнинг кечикиши сабаблари юзасидан атрофлича маълумот тақдим этиш сўралган.
Маълумот учун, Эркин Гадоев 1959 йилда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. 2020 йилда Бухоро вилоятидан сенатор этиб сайланган.
Live
Барчаси