Сенат ИИО ходимлари тасвирларини тарқатиш бўйича янги қонунни хаспўшлашга уринди

Жамият

image

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мазкур масала 2023 йилнинг 28 ноябрь куни муҳокама қилинганди. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш назарда тутилади. Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195-2-моддани киритишни таклиф қилган. Унга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Парламентнинг қуйи палатасида Дониёр Ғаниев, Умиджон Жабборов каби депутатлар қонун лойиҳасига қарши эканини билдиришига қарамай, у учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Сенат қўмитасида бўлиб ўтган муҳокамада эса ушбу йўналишдаги хорижий тажриба ўрганилганда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқлангани, муайян чоралар белгилангани таъкидланган. 

“Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра, хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 

Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва Интернетга жойлаштириш тақиқланган. 

Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади”, дейилади сенат томонидан эълон қилинган хабарда. 

Қайд этилишича, миллий қонунчиликда ички ишлар ходимларини тасвирга олиш тақиқланмаяпти, фақат олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш тақиқланмоқда ва бунга жавобгарлик белгиланяпти.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қонунга кўра, транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик мавжуд. 

Шунингдек, Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Билдирилишича, қўмита мазкур қонун бўйича мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда яна муҳокамалар ўтказишни режалаштирган. 

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 11 ойида эса 8 693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 055 киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг