Сайлов натижалари қандай бўлишидан қатъи назар Мирзиёев Россияга барибир боради...ми?
Жамият
−
08 Октябрь 2021
18322Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президент Матбуот хизмати ушбу суҳбат ҳақидаги расмий ахборотда “Президентлар келгуси ойда бўлиб ўтадиган Россия Федерациясига олий даражадаги давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилдилар”, деб хабар қилди.
Маълумки, жорий ойда Ўзбекистонда Президент сайлови бўлиб ўтиши кутилмоқда. Президент Матбуот хизматининг келгуси ойда Россия давлат раҳбари билан учрашув ҳақидаги ахбороти ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач, хабардаги айнан олий даражадаги учрашув билан боғлиқ жумла ўчириб ташланди. Аслида эса бунга ҳожат йўқ эди. Бунда Матбуот хизмати хабарни ўчириш билан вазиятни янада чигаллаштирмасдан, қонунчиликка асосланган ҳолда одамларга ётиғи билан тушунтириши керак эди. Яъни сайлов натижалари қандай бўлишидан қатъи назар Мирзиёевнинг олий даражадаги учрашувларда қатнашишга ҳаққи бор.
Хўш, қандай қилиб?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 97-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади”, деб белгиланган.
Шунингдек, Кодексининг 65-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида ўз лавозимига киришиши айтилган. Бунда амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунига қадар бажаради.
Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, агар Президент сайлови натижаларига кўра, амалдаги Президент устидан бошқа номзоднинг қўли баланд келгудек бўлса, муддати тугаётган давлат раҳбарининг 2022 йилнинг 6 январга қадар ўз ваколатларидан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Бу оддий арифметика.
Сайловда ғолиб бўлган номзод то ўз лавозимига киришгунга қадар амалдаги Президент халқаро йиғилишларда қатнашиш, давлатнинг ташқи ва ички сиёсатини белгилаш ҳамда хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан расмий учрашувлар ўтказиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Мақсудова Ворисова, Экологик партияси Нарзулло Обломуродов, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Алишер Қодиров, “Адолат” социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов номзодлари илгари сурилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь