Савдо уруши қуролли тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкин – Тўқаев
Олам
−
14 Апрель 5245 2 дақиқа
Глобал савдо урушини бошлаш режалари туфайли дунёда мураккаб вазият юзага келмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Чимкент шаҳри жамоатчилиги билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу савдо уруши бошланган тақдирда ҳамма мамлакат бундан азият чекади.
“Глобал савдо урушини бошлаш режалари туфайли дунёда мураккаб вазият юзага келмоқда. Агар шундай уруш содир бўлса, унинг оқибатлари барча мамлакатларга таъсир қилади. Бунга шубҳа йўқ. Шу билан бирга, биз Президент Трампнинг савдо можаросига алоқадор барча мамлакатларнинг позицияларини аниқлаштириш ва имкон қадар музокараларни бошлаш учун 90 кунлик мораторий эълон қилиш ҳақидаги оқилона қарорини олқишлаймиз. Экспертларнинг огоҳлантиришича, ўзаро тарифларнинг жорий этилиши жаҳон иқтисодиётининг жиддий таназзулига сабаб бўлиши ва ҳатто қуролли тўқнашувларга олиб келиши мумкин”, деган мамлакат раҳбари.
Президентнинг қўшимча қилишича, ҳафта бошида барча асосий индекслар минимал қийматларда бўлган, нефть эса бир баррель учун 60 доллардан пастга тушган. Бироқ Америка маъмурияти тарифларни кечиктиришни эълон қилгандан сўнг, котировкаларнинг ўсиши қайд этилган.
“Ҳозир жаҳон фонд бозорлари ва хомашё биржаларида мисли кўрилмаган асабийлик ҳукм сурмоқда, гарчи барқарорлик белгилари ҳали ҳам мавжуд. Кўриниб турибдики, жаҳонда қатъий тариф қарама-қаршилиги сиёсатига ўтилмоқда. Бу ерда гап навбатдаги рецессия ҳақида эмас, балки бутун халқаро муносабатлар тизими учун оғир оқибатларга олиб келадиган, жаҳон иқтисодиёти асосларига таъсир кўрсатадиган эҳтимолий фундаментал инқироз ҳақида бормоқда. Биз вазиятни синчковлик билан таҳлил қилмоқдамиз ва барча эҳтимолий хавфларни ҳисобга олмоқдамиз. Қанчалик қийин бўлмасин, Қозоғистон ҳар томонлама модернизация қилиш бўйича белгиланган стратегик йўлдан ортга қайтмайди. Инфратузилма, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга оширишни давом эттирамиз”, деган Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов, Миллий банк раиси Темур Сулаймонов ва бошқа масъул шахслар билан халқаро бозорларда энергия ресурслари ҳамда асосий хомашё нархларининг тариф можаролари туфайли кескин пасайиб кетганига боғлиқ иқтисодий вазият юзасидан учрашув ўтказган эди.
Live
Барчаси