Саудия бир йиллик Умра визасини жорий этди

Олам

image

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги берилган кундан бошлаб 365 кун давомида амал қилувчи кўп марталик Умра визасини жорий қилди. Ушбу виза эгаларига мамлакатга бир неча бор кириш ҳамда у ерда умумий ҳисобда 90 кунгача бўлиш имкони берилади. Бу ҳақда “Saudi press agency” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу қарор Саудия Арабистонининг “Saudi Vision 2030” дастури ҳамда Зиёратчилар тажрибасини яхшилаш дастури доирасида зиёратчилар ташрифини осонлаштириш, уларнинг зиёрат таассуротларини бойитиш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Билдирилишича, ҳар бир ташриф чоғида Nusuk платформасидаги тасдиқланган провайдерлардан хизматлар пакетини сотиб олиш талаб этилади. Бунда пакетнинг давомийлиги визада қолган кунлар муддатидан ошиб кетмаслиги керак. Шунингдек, зиёратчи мамлакатга етиб боришидан олдин Nusuk иловаси орқали Умра рухсатномасини расмийлаштирган бўлиши лозим.

Мамлакатдан ҳар гал чиқиб кетилганда виза вақтинча тўхтатилади ва кейинги ташриф учун белгиланган меъёрий талаблар бажарилгандан сўнг қайта фаоллаштирилади. Ушбу виза Ҳаж мавсумида фаол бўлмайди.

Вазирликнинг билдиришича, янги виза ташрифларни режалаштиришда мослашувчанликни оширади ҳамда зиёратчининг бутун сафари давомида рақамли ва операцион хизматларнинг интеграциялашувини қўллаб-қувватлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ эндиликда Саудия Арабистони ҳудудида барча турдаги виза эгалари Умра ибодатини адо этиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Бу қарор умра зиёратчилари учун жараёнларни соддалаштириш, Ҳаж ва Умра тизимида хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда Саудия Арабистонининг “Vision 2030” дастури мақсадларини қўллаб-қувватлаш доирасида қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг