Саудия Арабистонининг Афғонистондаги элчихонаси фаолиятини тиклади
Олам
−
23 Декабрь
730Саудия Арабистони ”Толибон“ 2021 йилда Афғонистонда назорат ўрнатганидан уч йил ўтиб, Қобулдаги элчихонасини қайта очди. Бу ҳақда элчихонанинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берилди.
“Саудия Арабистони Подшоҳлигининг хоҳишига кўра, қардош Афғонистон халқига барча турдаги хизматлар кўрсатиш мақсадида мамлакатнинг Қобулдаги ваколатхонаси фаолиятини қайта тиклашга қарор қилинди”, дейилади элчихона хабарида.
Маълумот учун, Саудия Арабистони 2021 йил август ойида "Толибон" Афғонистон пойтахтининг барча ҳудудларида назорат ўрнатганликларини эълон қилгандан сўнг дарҳол дипломатик ваколатхонасининг барча ходимларини эвакуация қилган. Орадан уч ой ўтгач, Ар-Риёд Қобулдаги элчихонанинг консуллик бўлими ишини қайтадан бошлашга қарор қилган. 2023 йил февраль ойида Саудия Арабистони дипломатларининг барчаси Афғонистонни яна тарк этиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан Саудияга қайтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси иккинчи ва учинчи якуний ўқишда "Толибон" ҳаракатини Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш имкониятини кўзда тутувчи қонунни қабул қилганди. Тасдиқланган қонунга кўра, террористик ташкилотларнинг федерал рўйхатига ўзгартиришлар суднинг тегишли қарори кучга киргандан сўнг дарҳол киритилиши мумкин.
LiveБарчаси