Саудия Арабистонига зиёратчиларнинг кириши вақтинча тўхтатилди
Жамият
−
22 Декабрь 2020
4823Жорий йилнинг 20 декабрь куни Саудия Арабистони Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ҳамда Ҳаж ва умра вазирликлари ОАВ орқали расмий баёнот бериб, унда Буюк Британияда коронавирус янги мутацияси (SARS-CoV-2)нинг мамлакатда тарқалишини олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан аҳолига тиббий гигиеник маслаҳатлар берди. Мамлакат 21 декабрдан бошлаб четдан зиёратчиларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Б ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияси асосида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда қироллик ҳудудида SARS-CoV-2 тарқалишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қатъий чора-тадбирлар белгиланган:
- Жорий йилнинг 21 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:00дан бошлаб, ҳозирча 1 ҳафта муддатга (2021 йил 5 январга қадар чўзиш эҳтимоли билан) халқаро авиақатнов тўлиқ тўхтатилиб, қуруқликда қўшни давлатлар билан чегаралар, Қизил денгиз ҳамда Форс кўрфазидаги портлар орқали кириш-чиқиш пунктлари ёпилиши белгиланди;
- Жорий йилнинг 21 декабрь кунидан бошлаб, Саудия Арабистонига кириш визаларини расмийлаштириш ва четдан зиёратчиларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилади;
- Хорижда юрган ва қиролликка қайтаётган ҳар бир Саудия Арабистони фуқароси 14 кун муддатга стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинади;
- Жойларда сўнгги 3 ой ичида Саудия Арабистонига кирган фуқаролар, чет элликлар ва резидентлар антитаналарга диагностика қилинади;
- Шунингдек, жойларда банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди, айниқса аҳоли гавжум бўладиган ҳудудларда карантин қоидаларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади, одамлар оммавий бўладиган объектлар (масжидлар, савдо мажмуалари, бозорлар ва ҳ.к.)да ижтимоий масофани сақлаш ва фуқароларни тиббий ниқобда бўлишларини таъминлаш талаб этилади.
Шунингдек, Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни вақтда Европа Иттифоқининг айрим давлатлари билан янги SARS-CoV-2 штаммнинг тарқалишини ўрганиш чора-тадбирларини кўраётганини маълум қилган.
LiveБарчаси