Саудия Арабистони Яман портини бомбардимон қилди
Олам
−
30 Декабрь 2025 14792 3 дақиқа
Бугун, 30 декабрь куни Саудия Арабистони ҳарбийлари Яман ҳудудидаги Мукалла порт шаҳрини бомбардимон қилди. Бунга сабаб сифатида Бирлашган Араб Амирликларидан (БАА) қурол-яроғ етказилгани кўрсатилди. Бу ҳақда SPA хабар берди.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция БААдан борган икки кема орқали қурол олиб кирилгани боис Яманинг Мукалла порт шаҳрига ҳаво зарбалари берган. Хабарда айтилишича, қурол-яроғнинг хавфи ва у келтириб чиқараётган кескинлашув, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидни инобатга олиб, бугун, 30 декабрь куни эрталаб коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари портдаги икки кемадан туширилган қурол ва ҳарбий техникани йўқ қилишга қаратилган чекланган ҳарбий амалиёт ўтказган.
Маълумотларга кўра, ал-Фужайра портидан чиққан икки кема рухсатсиз равишда Мукалла портига кирган, кузатув тизимларини ўчирган ва Жанубий Яман ўтиш кенгаши (ЖОК) кучларини қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ туширган. Коалиция бу ҳаракатларни сулҳ битимлари ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг бузилиши сифатида баҳолаган.
Хабарларга кўра, Жанубий Яман ўтиш кенгаши Саудия Арабистонини Яман портига берилган ҳаво зарбасидан сўнг тажовузда айблаган.
“Нима бўлган бўлса, Мукаллада Саудия Арабистони томонидан амалга оширилган бир томонлама агрессиядир”, дейилади баёнотда.
Шунингдел, Ар-Риёд БААнинг ҳаракатларидан афсус билдирган ва Амирликлар томонидан қўллаб-қувватланаётган Жанубий ўтиш кенгаши “сепаратистлари”га ёрдам кўрсатилганини қайд этган. Саудия Арабистони БААдан бир сутка ичида ўз кучларини Ямандан олиб чиқишни талаб қилган.
БАА ТИВ бунга жавобан, уларнинг ҳарбийлари Яманда қонуний ҳукумат таклифига биноан ва “ака-ука Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси доирасида, легитимликни тиклаш ва терроризмга қарши кураш мақсадида, Яман Республикасининг суверенитетига тўлиқ ҳурмат билан” фаолият юритаётганини билдирган.
“Associated Press”нинг ёзишича, ушбу ҳодиса фонида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва минтақавий сиёсат борасидаги рақобат тобора кучайиб бормоқда. Яманда 90 кунлик фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Расмийлар бу қарорни фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, “Яманнинг бирлик, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлигига содиқликни тасдиқлаш”, шунингдек ички можароларга қарши туриш зарурати билан изоҳлаган.
Маълумот учун, декабрь бошида Жанубий ўтиш кенгаши Яманнинг шарқидаги Ҳадрамаут ва Ал-Маҳра вилоятларида ҳокимиятни эгаллаб олди. Саудия Арабистони ТИВ уларнинг ҳаракатини асоссиз эскалация деб атаб, ЖОКни бу ҳудудлардан кучларини олиб чиқишга чақирди. Шундан сўнг Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Ҳадрамаутда ҳарбий операция бошланганини эълон қилди.
БАА томонига кўра, Ҳадрамаут ва Ал-Маҳрадаги воқеалар бошиданоқ уларнинг позицияси вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, кескинликни пасайтириш ва Ямандаги можарога жалб қилинган томонлар ўртасида ўзаро тушунишни таъминлашга қаратилган бўлган.
2025 йил ҳолатига кўра, Яман ҳудуди устидан назорат уч асосий куч ўртасида тақсимланган. “Ансоруллоҳ” ҳаракати (ҳусийлар) пойтахт Сана жойлашган ғарбий ва шимоли-ғарбий вилоятларни, аҳолининг қарийб 70 фоизи яшайдиган ҳудудларни назорат қилади. Жанубни пойтахти Аден порт шаҳри бўлган Жанубий ўтиш кенгаши бошқаради. Қолган ҳудудлар эса халқаро миқёсда тан олинган Раҳбарлик президентлик кенгашига алоқадор кучлар қўлида бўлиб, у ЖОК ва бошқа антиҳусий тузилмалар вакилларини ҳам ўз ичига олади.
Мукалла – Аден шаҳридан тахминан 480 километр шимоли-шарқда жойлашган порт шаҳри бўлиб, ҳусийлар 2014 йилда Санани эгаллаб олганидан сўнг Ямандаги уларга қарши кучлар марказига айланган.
Live
Барчаси