Сардор Раҳимхон Ўзбекистонга қайтяпти. “Юрак амри” фаолияти тикланди
Жамият
−
09 Апрель 2023
278092022 йилнинг май ойида Сардор Раҳимхон бошчилигидаги “Юрак амри” фонди ўз фаолиятини тўхтатган эди. Шундан сўнг Сардор Раҳимхон Туркияга кўчиб ўтди ва сўнгги 7 ой давомида Истанбул шаҳрида истиқомат қилиб келаётган эди. Айни вақтда у Тошкентга қайтмоқда.
Раҳимхон ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали “Юрак амри” фонди яна Ўзбекистонда фаолиятини тиклаётганини маълум қилди.
У ўтган етти ой давомида “Юрак амри” фонди фаолиятини Туркияда ташкил қилди. Тўғрироғи, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг 10 вилоятида содир бўлган вайронкор зилзилалар ортидан минглаб одамларнинг қурбон бўлиши, миллионлаб аҳоли бошпанасиз ва егуликсиз қолиши Раҳимхоннинг фонд фаолиятини Туркияда давом эттиришига йўл очди. У Ўзбекистондан келган хайрия маблағлари эвазига бошпанасиз қолганлар учун 160 та яшаш учун мослаштирилган контейнерлар ўрнатишга муваффақ бўлди.
“Бизнинг миссиямиз ўз якунига етди. Бугун хурсандчиликда, қалбим тўлиб тошаётган лаҳзаларда сизларга бу хушхабарни айтаётганимдан бахтиёрман. Биз Ўзбекистонга – Ватанимизга ёруғ юз билан қайтяпмиз. Ва эртадан сиз севган “Юрак амри” хайрия фонди ўз фаолиятини қайтадан бошлайди”, дейди у.
Раҳимхон сўзида давом этаркан, бугун ўзига нисбатан бўлган туҳматлар ва гап-сўзларга нуқта қўймоқчилигини алоҳида урғулайди. Шунингдек, Ҳукуматдан унга нисбатан ҳеч қандай босим бўлмагани, жазоланмаганини қўшимча қилади.
“Мени соқол қўйиб, дўппи ва ридо кийиб юришим, инсонларга эҳсон тарқатишим, эшикма-эшик юриб, одамларни яхшиликка чорлашим – булар мисли кўринмаган ишлар эмасмиди? Бу ишларим учун ҳеч ким мени шу кунга қадар жазолагани йўқ. Жамоамизда ҳамма соғ-омон, ишимиз давом этяпти. Фаолиятимиз давом этяпти. Нима ҳақида гапираётганимни тушуняпсизми?” дейди у.
Раҳимхон фонд фаолиятини тўхтатаётганини эълон қилган мурожаатида ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини айтган эди. Янги видеомурожаатда ҳам у ўзини Президент ёнида турган ва ислоҳотларни қўллаётган киши сифатида ифода этган.
“Бизнинг референдум олдидан юртимизга қайтишимиз ҳам Аллоҳнинг бичиб қўйган тақдири”, дейди у.
У Президент Мирзиёев томонидан халқнинг хур, озод, саодатли яшаши учун қилинаётган ислоҳотлари йўлида унга камарбаста бўлиб, бу ишда эпизодда эмас, балки бош ролда бўлмоқчи эканини қўшимча қилган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти айни вақтда Тошкентга йўл чиқишга шайланаётган Сардор Раҳимхон билан мулоқот қилди. Суҳбат жараёнида айтилишича, у бугун, 9 апрель куни Туркия вақти билан соат 21:40 да учадиган Истанбул – Тошкент рейсида қайтиб келади.
Маълумот учун, Сардор Раҳимхон бошчилигидаги "Юрак амри" хайрия фонди кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Булар орасида Бўка туманида амалга оширилган 25+ лойиҳаси мамлакатда катта шуҳрат қозонди. У бир вақтнинг ўзида минглаб одамларни бошпанасиз оилаларга уй қуриш мақсадида бирлаштира олди ва Бўкада 30 та хонадандан иборат мўжаз маҳалла бунёд бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь