Расман: Сардор Раҳимхоннинг “Юрак амри” фонди фаолиятини тўхтатди
Жамият
−
04 Май 2022
54767“Юрак амри” хайрия жамоат фонди раиси, 60 кабутар, 25+ каби лойиҳалар муаллифи, собиқ хонанда Сардор Раҳимхон “Юрак амри” фонди фаолияти тугатилганини эълон қилди. Бу ҳақда ўз ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган расмий видеобаёнотида айтади.
“Бугун “Юрак амри” хайрия фондининг жамоаси, шахсан ўзим номимдан расмий эълон билан мурожаат қилмоқчиман. Ёдингиздами, 2020 йил 29 март? Шунда биз бутун дунёни саросимага солиб қўйган коронавирус пандемиясига қарши юртнинг фидойи инсонлари, шу юртнинг фарзанди сифатида таваккал қилиб, инсонларнинг қалбига оро кирамиз, камбағаллар, мискинлар, фақирларнинг ҳолидан хабар оламиз дея “Юрак амри” хайрия лойиҳасини ташкил қилган эдик. Аллоҳга таваккал қилиб бошлаган ишимиз юракларга етиб борди. Атрофимизда кўнгиллилар, ҳомийлар пайдо бўлди. Озиқ-овқат тарқатишни бошладик. Минглар хонадонларга қувонч олиб кирдик. Биз бир-икки ой давом этади деб ўйлаган касаллик, йилларга чўзилди. Аста-секин “Юрак амри”нинг кўлами, миқёси катталашиб борди. Ўтган вақт мобайнида вилоятларни, республикани уч марта айланиб чиқдик. Хонадонларни, кам таъминланганларни, камбағалларни етимларни...
Вақт ўтгани сари “Юрак амри” хайрия лойиҳасини расмий фондга айлантириш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шунда биз 2021 йил 12 июль куни “Юрак амри” хайрия жамоат фондига айландик. Аста-секин бизда бошқа мақсад пайдо бўлди. Озиқ-овқат тарқатиш билан инсонларнинг муаммосини ҳал этиб бўлмас экан. Уларнинг муаммоларини таг-томири, илдизи, негизи билан ҳал қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди ва бунга қарор қилдик, қўл урдик.
Уйлар бериш дейсизми, уларни даволатиш, ўқитиш, қарзларини узиб бериш, бошқа-бошқа муаммоларга киришдик. Ниятимизга ҳам етдик. Биз юртбошимизнинг камбағалликни қисқартириш, аёлларни Темир дафтардан чиқариш сиёсатларига мос равишда уларнинг ёнларида камарбаста бўламиз дея ҳаракат қилдик. Тан олиб айтаман, мен ҳам, “Юрак амри”даги йигитлар ҳам, кўнгиллиларимиз ҳам бошида бундай катта фондга айланамиз деб ҳеч ўйламаган эдик. Шахсан юртбошимизнинг кўмаклари, очиб берган шароитлари билан мана шу кунги натижаларга етиб келдик.
Икки йиллик фаолиятимиз давомида минглаб инсонларнинг хонадонларига хурсандчилик олиб киришга Аллоҳ бизни сабабчи қилди. Биз жуда хурсандмиз. Уйлар топширилди, касаллар тузалди, қарзлар узилди, болаларимиз, етимларимиз, фарзандларимиз қалбига хурсандчилик кирди. Ўқияптилар, хурсанд, ҳаётдан мамнун. Шу юртга муҳаббат билан катта бўляптилар”, дейди Раҳимхон.
Фонд раҳбари сўзида давом этаркан, ўзи ҳам, сафдошлари ҳам лойиҳанинг фондга айланиши, фаолият доирасининг кенгайишига тайёр бўлмаганини урғулайди.
“Тан олиш керак шахсан мен ўзим ҳам, жамоамиз ҳам бундай катта кўламга тайёр эмасдик. Тайёр эмас эканмиз! Айниқса, минглаб инсонларнинг омонатлари, эҳсонлари ҳақида гап кетганда, бизни ҳам жисмоний, ҳам руҳий имкониятларимиз етишмаслигини ҳис қилдик. Шу сабаб катта хатоларнинг олдини олиш мақсадида юртимиз, азиз халқимиз, юртбошимиз олдида юзимиз ёруғ бўлсин деган мақсадда вақтинчалик фаолиятимизни тўхтатишга қарор қилдик. Яъни янада кучга тўлиш, хатоларимизни ислоҳ қилиш, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсадида мана шундай қарорга келдик.
Билинг, биз мана шу диёрнинг фарзанди сифатида юртимизнинг барча ислоҳотларида фаол иштирок этишда ва Ватанимиз равнақи учун ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишда давом этамиз.
Раҳматли отам, “Болам, ҳеч қачон эл-юртнинг олдида номардлик қилма, мард бўл, хиёнат қилма”, деб айтардилар. Бу гўёки мен ва “Юрак амри”даги барча йигитларимизнинг шиорига айланган”, дейди фонд раҳбари.
Сардор Раҳимхон бугун мамлакат ва Президент учун жонини беришга тайёрлигини ҳам қўшимча қилган:
“Юрак амри” хайрия фонди жамоаси Ўзбекистон учун, юртбошимиз учун ҳар дақиқа жонимизни беришга тайёр фарзандлармиз. Икки йиллик фаолиятимиз – ваъдаларимизнинг бошланиши. Мана шу ғанимат дақиқалардан фойдаланиб, энг аввало юртбошимизга, маҳаллий ҳокимият органларига, ҳокимият вакилларига, маҳалла раисларига, беэътибор бўлмаганларга, Адлия вазирлигига, сахийларга, кўнгиллиларга, шу вақтга қадар ёнимизда турган ҳаммага чексиз миннатдорлигимизни изҳор этамиз.
Билинг, азизлар! Сиз бўлмасангиз, “Юрак амри” бўлмасди. Сиз бизга далда бўлдингиз, куч бўлдингиз. Ғайратимизга ғайрат қўшдингиз. Ҳаммангизга минг раҳмат.
Сизлардан бир нарсани илтимос қилар эдим: “Юрак амри”га атаган меҳр-муҳаббатингизни, омонатларингизни, эҳсонларингизни фаолияти давом этаётган хайрия фондларига, жумладан “Меҳрли қўллар”, “Вақф” сингари фондларга ўтказишингизни илтимос қилар эдим. Чунки ҳаммамизнинг мақсадимиз бир, йўлимиз бир – мана шу юртнинг корига яраш.
Алоҳида бир илтимосим бор эди: мени бу гапларимни юракдан қабул қилинг, бошқа маъно ясаманг. Биз сизлардан озгина танаффус сўраяпмиз”.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Сардор Раҳимхон бошчилигидаги “Юрак амри” хайрия жамоат фонди томонидан Бўка туманида қуриб битказилган 30 та хонадан кам таъминланган оилаларга барча шароитлар – уй жиҳозлари, мебеллар, маиший техникалар билан топширилган эди. QALAMPIR.UZ ушбу уйлар билан танишиб, Сардор Раҳимхондан интервью олишга муваффақ бўлганди. Эксклюзив суҳбатда фонд раҳбари ўзига нисбатан фитна ва туҳматлар борлигига ҳам шаъма қилганди.
Ушбу интервьюни қуйидаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси