Санъаткорлар тўй учун ижод қиляпти – Озодбек Назарбеков
Жамият
−
12 Март
16767Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ишламаслиги туфайли қўшиқчилар тўй учун ижод қиляпти. Бу ҳақда кеча, 11 март куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
Вазирнинг айтишича, бугунги кунда муаллифлар ўзларининг ҳуқуқини яхши билмаслигидан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам бу масала билан шуғулланишга имконият етарли эмас.
“Муаллифлар ўз ҳуқуқини таниши — энг катта ечим. Лекин ҳозир фақат ташкилотчиларгина бу соҳани тушуняпти. Ҳаттоки, ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам бу билан мутлақо шуғулланиш имкони йўқ, улар учун ҳам кўп нарсаларга ойдинлик киритиш керак. Чунки ҳали очилмаган масалаларимиз бор”, дея таъкидлайди Маданият вазири.
Озодбек Назарбековнинг ўзи шу кунгача муаллифлигидан манфаатдор бўлмаганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, вазирлик ташаббуси билан муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи палата ташкил этилган. У вазирлик қошидаги нодавлат ташкилот бўлса-да, муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларини мутлақо ечиш мақсадида ягона палата сифатида йўлга қўйилган. Мазкур палата Озодбек Назарбековга бутун халқаро майдондаги ҳуқуқи “қанақадир Евгений” деган одамга расмийлаштирилгани ҳақидаги маълумотни топиб, тақдим этган.
“Содда қилиб айтганда, бу муаммо ҳали столни устида эмас. Ҳали ҳамманинг қўли етар даражадаги муаммо эмас. Лекин биз ҳаракат қиламиз, курашдан тўхтамаймиз, буни амалга оширамиз. Сабаби муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши бизга биринчи навбатда сифатни таъминлаб беради. Шу орқали ижодкорлар санъат асарлари ярата бошлайди. Чунки ўша жойдан манфаатдор бўлиб турса, юқорига қараб ижод қилади. Ҳозир ижодкорлар тўйдан манфаатдор бўляпти, тўйга ижод қиляпти. Буни ҳам чеклай олмаймиз, бу ҳам ихтиёр”, дея таъкидлайди вазир Озодбек Назарбеков.
Эслатиб ўтамиз, Озодбек Назарбеков Маданият вазирлиги "боғча опа" эмаслиги, бироқ айрим санъаткорларнинг хурмача қилиқлари бўйича тавсиявий профилактикани амалга ошириши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси