Коррупцион шоу. Самарқанддаги ҳибс қонунийми?

Таҳлил

“Қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт”. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 10-модда.

Аммо шахсларни гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида қўлга олиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгилаб қўйилган нормалар асосида амалга оширилиши керак, бироқ “салла деса, каллани олиш” – бизникиларга хос.

14 февраль куни Самарқандда Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов ўтказган энергетика соҳасида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар бўйича йиғилишда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари масъуллари иштирок этган ва коррупциявий жиноятларни содир қилганликда гумонланган 7 нафар ходим процессуал тартибда ушланган. Шундан сўнг уларнинг қўлларига кишан солиниб турган суратлари эълон қилинди ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Масалан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Кейинги йиғилишга келадиганлар эрталаб ота-онаси, хотин, бола-чақаси билан видолашиб, хайр-хўшлашиб, мажлисга бориши, сизнингча, яхши ҳолатми?”, “Амали пастроқ, жиноятининг аҳамияти ҳам ҳаминқадар бўлганларни хоҳлашса мажлис пайтида кишан тақиб олиб кетишади. Юзларини очиқ кўрсатиб, шахсий маълумотларини ҳам ошкор қилишади. Аммо катта наҳангларга негадир бунақа йўл тутилмайди. Нега шунақа?” каби изоҳларни қолдиришмоқда. Шунингдек, жамоатчилик фаоллари хусусан, Қобил Хидиров (davletovuz) ва Расул Кушербаев кабилар бу ҳолатни “шоу” деб атади.

Кунда, кунора қайсидир вилоятда қанчадир куб метрлик газ ўғирлангани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Юқорида қўлга олинган 7 нафар ходим ҳам катта эҳтимол билан анча-мунча газни талон-торож қилганликда гумонланаётган бўлса керак. Лекин уларнинг юзга яқин ходимлар қаршисида қўлга олиниши жуда ажабланарли. Катта эҳтимол билан улар ҳамма қатори “мажлисга келинглар” деб чақиртирилган ва қўлга олинган. Жамоатчилик фаоллари уларнинг газ ўғирлаганига эмас, балки ҳамманинг олдида сазойи қилиниб, қўлга олинганига эътибор қаратмоқда. “Сизники, бизники, ҳаммамизники” деб баралла айтганимиз янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам айбсизлик презумпцияси ҳақида аниқ ёзиб қўйилган. Ўзи гумонланувчи шахсни шу тариқа қўлга олиш қанчалик қонуний ёки собиқ депутат айтганидек, бу ҳақиқатдан ҳам “шоу”ми?

QALAMPIR.UZ айни шу савол билан адвокат Абдумалик Абдуллаев билан боғланди. У бу ҳолатни репрессив ёндашув деб атади.

“Аввало, коррупцияга биз ҳам бошқалар каби муросасизмиз. Бироқ амалдаги қонунчиликка мувофиқ, унга қарши курашишнинг ва бу ҳақидаги ахборотларни тарқатишнинг ўзига яраша белгиланган қоидалари, талаблари бор. Биринчидан, шахс айбланган бўлса, айнан гумон қилинувчи тариқасида ушланмайди. “Айбланган” деган сўз замирида ҳукмий ёндашув бўлиб, бу суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми чиқарилганлигини ифодалаб қўяди. Иккинчидан, шахсни гумон қилинувчи тариқасида ушлаш учун албатта, у айнан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этиш учун жалб қилинганлиги ҳақидаги суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори бўлиши талаб этилади. Учинчидан, суратларда ўша 7 нафар шахсларнинг қўлларига қўлкишани (наручник) солинганлигини кўрамиз. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг махсус воситаларни қўллашга оид 23-моддасига кўра, қўлкишани махсус восита ҳисобланади ва уни қўллашнинг ўзига яраша асослари келтирилган. Лекин юқоридаги манзарада уларга нисбатан қўлкишани қўллашнинг асосларидан бирортасини топмадик ва шу боис ҳам, ушбу манзарани биз, ушланган шахсларнинг шахсиятларига нисбатан омма қаршисидаги репрессив ёндашув, деб ҳисоблаймиз”, дейди адвокат.

Шунингдек, адвокат Хайрулла Қосимов ҳам шу ҳақда пост ёзиб, шахсларнинг қадр-қимматини камситиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

“Йиғилишга деб келган ушбу ходимлар ҳамманинг кўз ўнгида қўлига кишан тақиб олиб чиқиб кетилган. Тўғри, улар гумонланувчи бўлиши мумкин, лекин бу дегани уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш мумкин дегани эмас”, деган адвокат.

Шунингдек у Конституциянинг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, 26-моддасида, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги ва ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, 60-моддасида, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, адвокат Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасига кўра судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шартлиги; Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланишини эслатиб ўтган.

Коррупциявий жиноятларни содир қилганликда гумонланган 7 нафар ходимнинг қўлга олиниши ва бунга жамоатчиликнинг фикрини жим кузатаётганлар талайгина. Албатта, улар орасида жиноят содир қилганидан кейин қамалади-да, дейдиганлари ҳам топилади. Албатта, сиз ҳақсиз! Жиноят содир этган ҳар бир шахс қўлга олиниши ва жазо олиши шарт. Аммо жиноятчи ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси экани ва унинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланганини эсдан чиқармаслик лозим.

Ёдингизда бўлса, 2022 йилнинг 11 декабрь куни ўша вақтда Президент Администрацияси раҳбари бўлган Сардор Умурзоқов бошчилигида ўтказилган аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалалари бўйича Республика штабининг йиғилишида “Ҳудудгазтаъминот”нинг Тошкент вилояти филиали директори қамоққа олинган ва бу ҳақдаги суратлар ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди. Ана ўша вақтда ҳам танқид қилинган масала қўлга олинган мансабдорнинг юзи очиқ ҳолда берилгани ва ҳали айби исботланмай туриб, унинг ҳам қўлига кишан тақилгани бўлганди.

“Афандининг гапи тўғри: бу дунёда ҳамма ўғри...ми?”

Кўпинча, ҳали ички талабни қондира олмаган энергия ресурсларининг экспорт қилиниши танқид остига олинади. Аммо юқоридаги каби хабарлар экспорт қилинаётганини қўя туринг, мамлакат ичидаги энергетиканинг ҳам манзилларга етиб бормаётганини англатади. Бунда баъзи масъулларнинг ҳам “хизматлари катта”лиги ҳам сир эмас. Хусусан, “Ўзенергоинспекция”га таяниб, Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, 2024 йил 1 декабрдан жорий йил 15 февралгача (77 кун) бўлган муддатда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш оқибатида давлат манфаатларига 210 миллиард 428,2 миллион сўм зарар етказилган. Хусусан, табиий газдан ноқонуний фойдаланишга оид 167 та ҳолатда жами 82 миллион 158,9 минг куб метр табиий газдан асоссиз фойдаланилгани аниқланган.

Бундан ташқари, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг берган маълумотига кўра, жамият масъул ходимлари томонидан мазкур даврда 6472 та ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича 50 миллион 890 минг куб метр табиий газ учун 117 миллиард 300 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган. Қолаверса, шу вақт оралиғида 4942 дона маиший газбаллонида 77,8 тонна (36 минг куб метрга тенг) ҳажмдаги суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинган.

Шунингдек, вазирликка кўра, мазкур ҳисобот даврида ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 133 миллион 84,9 минг куб метр бўлиб, бу миқдордаги табиий газ 266 минг 170 та хонадоннинг қишки даврдаги бир ойлик меъёрий базасига тенгдир. Қолаверса, агар ушбу газ ресурсларидан оқилона фойдаланилганида, метан “заправка”лар 10 кун давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга бўларди.

Бир диққат қилинг-а, биз ҳозир ўқиган рақамлар тўғрироғи, йўқотилган энергетик ресурслар бор-йўғи икки ярим ой муддатдагисигина, холос. Йиллик ҳисоботларда бу рақамлар қанчалик катталашиб кетишини ўйлашга-да қўрқасан, киши. Қолаверса, коррупцияга оид жиноятларни содир этаётган “масъуллар” фақат Самарқанддагина бўлмаса керак…

Энергетика – оғриқли масала

Такрор-такрор айтилганидек, энергетика ўзбекистонликларнинг янги яраси эмас, фақат баъзи мавсумларда унга туз сепилиб кетади. Қишнинг совуғи, ёзнинг иссиғидан ташқари, оширилган тарифлар ва қўйилган лимитларни ҳам мана шундай тузлар жумласидан десак, бўлади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’нинг “Бюджет. Тешик тоғора” сарлавҳали таҳлилий кўрсатувида батафсил келтирилган. Ҳозир эса энергетика соҳасининг президент айтганидек, ичидан емирилганига диққат қилсак. 2023 йилнинг 16 январида Шавкат Мирзиёев энергетика тизимида юзага келган муаммолар юзасидан видеоселектр йиғилиши ўтказиб, масъулларни танқид қилган ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олганди. Йиғилишда шаҳарнинг ўнлаб маҳаллаларида электр ва газ таъминотида узилишлар бўлгани, айрим трансформатор ва паст кучланишли тармоқлар ортиқча юкламага бардош беролмай ишдан чиққани, бунинг сабаби эса қурилишга рухсат берилганида, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмагани ва пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани таъкидланганди. Маълум қилинишича, рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетган эди.

“Электр ва газ тармоқларида талон-торожлик бўлганини, туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, электр ва газ идоралари бошлиқлари билмасмиди?”, дея савол қўйган давлат раҳбари.

Бу воқеага ҳам ҳаш-паш дегунча икки йил тўлибди, аммо мавзу ҳамон актуал. Бу шуни англатадики, президентнинг огоҳлантиришлари керакли одамларга етиб бормаяпти.

Биз юқорида сўз юритганимиз халққа етиб бормаётган мамлакат ичидаги энергия ресурслари ҳақида эди, аммо ундан олиб чиқиб кетилаётганларичи? Энергия тақчиллиги муҳокамадан тушмаётган давлат уни экспорт қилаётгани ва буни каррасига ошираётганига нима дейсиз?

2024 йилнинг ноябрида Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов 2030 йилга бориб Ўзбекистон Европа давлатларига 10-15 миллиард кВт/соат электр энергияси экспорт қилиши мумкинлигини билдирди.

“2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 120−125 миллиард кВт/соат атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бизда кўплаб генерация объектлари мавжуд – тахминан 135 миллиард кВт/соат. Инфратузилма тайёр бўлиши билан электр энергиясини Европага экспорт қилиш мумкин”, деган у.

Гап электр энергиясини Европага “яшил йўлак” орқали етказиб бериш ҳақида бормоқда. Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча “яшил” электр энергиясини Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Ўтган йилнинг июлида Остона шаҳрида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон “Марказий Осиё — Озарбайжон — Европа” “яшил энергетика” йўлагини яратиш лойиҳаси бўйича протокол имзолаганди.

2024 йилнинг 6 августида Остонада Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирларининг биринчи йиғилишида иштирок этган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Озарбайжон ахборот агентлигига интервью берган ва Ўзбекистон электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаганини, шунга кўра, мамлакат Европага 2 дан 5 ГВтгача энергия етказиб беришга тайёрлигини айтганди. Ўзбекистонликлар вазирнинг бу гапларига қанчалик қўшилади?

Экспорт қилаётганимиз фақат электр эмас, рўйхат бошида газ ҳам бор. Ўзбекистон ички газ ишлаб чиқариш ҳажми камайиши ва импорт 1,55 миллиард долларга етганига қарамай, газ экспорт қилишни давом эттирмоқда. Статистикага кўра, Ўзбекистон асосан Хитой ва Тожикистонга газ экспорт қилмоқда. Хитой Бош божхона бошқармасининг 2024 йилнинг декабрида эълон қилган маълумотларига кўра, йил бошидан буён Хитой Ўзбекистон газини 667,4 млн доллар қийматида импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги (470,3 млн доллар) кўрсаткичдан қиймат жиҳатидан 27,1 фоиз кўпдир.

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров айтганидек, “насиб бўлса, тарифлар яна ошади”. Чунки аҳоли истеъмол қилаётган энергетика ҳамон ўзини-ўзи қоплай олмаяпти. Лекин шу ўринда савол туғилади: экспорт қилинаётган энергетик ресурс нархлари ўзини-ўзи қоплайдиган даражадами? Биз бунинг жавобини билмаймиз, чунки бундай маълумотлар “шартномалар махфийлиги” боис очиқланмайди. Аммо касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, мавжуд вазият қачондир қайсидир канал орқали албатта сизиб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция энергетика ҳибс конститутция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг