Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчисининг қизи ҳибсга олинди
Олам
−
17:18 3598 2 дақиқа
Қирғизистонда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва мамлакатнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбоевнинг қизи Меерим Узоқбоева коррупция ишида гумонланиб қўлга олинди. Унга 30 йил аввал давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ иш юзасидан айблов қўйилган. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Ҳодиса Бишкек шаҳрида жойлашган “Қирғизайылкомок” корхонаси билан боғлиқ. Ҳозирги кунда ушбу корхона акцияларининг 63 фоизи Узоқбоевлар оиласи назоратида.
Тергов маълумотларига кўра, иш 1993-йилда бошланган хусусийлаштириш жараёнларини қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлиб, ўша даврда давлатга тегишли бўлган корхона мулки босқичма-босқич хусусий қўлларга ўтган. Ҳозир эса ҳуқуқ-тартибот органлари ўша даврдаги акцияларни сотиб олиш ва ўтиш жараёнларининг қонунийлигини текширмоқда.
Адвокат Акинбек Ногоевнинг билдиришича, ўша пайтда Меерим Узоқбоева атиги 10 ёшда бўлган ва у кейинчалик ҳам бу акцияларга бевосита эгалик қилмаган. Шунга қарамай, унга нисбатан қўйилган айбловлар жамоатчиликда саволлар туғдирмоқда. Адвокат бу иш ортида сиёсий босим ёки ер майдонига қизиқиш бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилган. Унинг сўзларига кўра, корхона ҳудуди катта бўлиб, у ерда келгусида қурилиш лойиҳалари учун қизиқиш бўлиш эҳтимоли мавжуд. У шунингдек, бу ҳолатни адолатсиз деб баҳолаб, ҳақиқий коррупция айбловлари билан боғлиқ шахслар эркин юрган бир пайтда, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор аёл ҳибсда сақланаётганини танқид қилган.
Уларнинг мурожаати Президентга юборилган бўлса-да, у яна тергов органларига қайтарилган. Тергов жараёни эса қарийб икки ойдан бери давом этаётганига қарамай, ҳозирча сезиларли натижалар қайд этилмаган. Қирғизистон парламентида ҳам хусусийлаштириш жараёнларини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинган бўлиб, айрим депутатлар эски битимларни 15–20 йилдан кейин қайта очишни “давлат даражасидаги рейдчилик” деб атаган.
Шунингдек, депутатлар бизнес ва инвестицияларни ҳимоя қилиш мақсадида даъво муддатларини қатъий белгилаш, хусусийлаштиришдаги хатарларни суғурталаш тизимини жорий этиш ҳамда ўтмишдаги хатолар учун тадбиркорларни эмас, балки масъул амалдорларни жавобгарликка тортишни таклиф қилган.
Live
Барчаси