Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилади
Жамият
−
08 Июнь 2730 3 дақиқа
Суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 8 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишга оид тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда қарийб 4,8 минг нафарга яқин суд аппарати ходимларининг ҳалол ва пок фаолият юритиши доимий эътиборда бўлиши лозим. Шу муносабат билан тақдимотда судларда комплаенс назоратини кучайтиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинган.
Суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизматини ташкил этиш таклиф этилган. Мазкур хизмат тўғридан тўғри Олий суд раисига бўйсуниб, ҳудудий судларда ҳам фаолият олиб борувчи комплаенс инспекторларидан иборат бўлади.
Комплаенс хизмати коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш, уларнинг сабабларини бартараф этиш, ходимлар томонидан қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Тақдимот давомида суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор бошқа чоралар ҳам муҳокама қилинган. Хусусан, судлар аппаратида хавфи юқори бўлган лавозимлар рўйхати тасдиқланади, хавф даражаси юқори жараёнларни рақамлаштириш ва инсон омилини камайтириш чоралари кўрилади.
Судьялар учун манфаатлар тўқнашуви, даромад ва мол-мулк декларацияларини тақдим этиш ҳамда таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизими ишга туширилади. Худди шундай тизим суд аппарати ходимлари учун ҳам жорий этилади.
Шунингдек, коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи хавфларни аниқлашга қаратилган электрон ахборот тизимлари ишга туширилади. Бу борада коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини яратиш муҳимлиги таъкидланган.
2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик бўйича диагностика ўтказилади. Судьяликка номзодларни тайёрлаш жараёнида уларнинг шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлигини баҳолаш амалиёти ҳам жорий этилади.
Суд ишларини автоматик тақсимлаш дастури такомиллаштирилиб, ишларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонлари аниқ белгиланади, жараён шаффофлиги таъминланади.
Суд аппаратига ишга қабул қилиш тизими ҳам тубдан янгиланади. У очиқ танлов, шаффоф тартиб-таомиллар ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилади. Номзодларнинг касбий, маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини баҳолашнинг замонавий тизими жорий қилинади.
Ходимлар учун манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи фаолият ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, чет элда ҳисобварақ очиш каби чекловлар назарда тутилади.
Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш таклифи ҳам кўриб чиқилган. Бу ходимлар масъулияти, хизмат интизоми ва этикa маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилган.
Давлат раҳбари суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш аҳолининг суд ҳимоясига бўлган ишончини оширишнинг муҳим омили эканини, таклифларни пухта ишлаб чиқиш, комплаенс хизматига малакали кадрларни жалб этиш зарурлигини таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаётган мурожаатномасида 2026 йилдан барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Сурхондарё вилояти судининг судья катта ёрдамчиси 53 минг доллар билан қўлга тушганди. Шунингдек, апрелда Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси 3,6 минг доллар пора билан қўлга олинди.
Live
Барчаси