Самарқанддаги олтин конида 23 ёшли йигитни тош босиб қолгани айтилмоқда
Жамият
−
22 Май 2023
10112Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 23 ёшли йигитни конда олтин қазиб олиш вақтида тош босиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Йигитнинг онаси ўғли 74 кундан бери уйга келмагани, Зармитан-Гужумсой конларида ноқонуний олтин қазиб олиш пайтида тош босиб қолгани ҳақида хабардор қилинганини билдирди. Ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ журналисти Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Бош прокуратура вакилининг маълум қилишича, ушбу ҳолат ҳақиқатдан ҳам содир бўлган. Ҳозирда Қўшработ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Бедарак йўқолган С.А.ни топиш буйича барча тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда", дейди Шамсутдинов.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 8 февраль куни Тошкент шаҳрида “Сув таъминоти” ходими қувур ёрилгани бўйича носозликни бартараф этиш жараёнида тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этган эди. Шунингдек, шу йилнинг 16 май куни Фарғонада хандақ қазиб турган ишчини тупроқ босиб қолганди.