Самарқандда ўқувчини зўрлашда гумонланган 8 киши ушланди. Улар орасида прокуратура ходими ҳам бор
3-саҳифа
−
15 Ноябрь
25572Аввалроқ, Самарқанд вилоятида саккизинчи синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ва жинсий тажовуз қилингани ҳақида хабар берилганди. Ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, 8 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 6 октябрь куни вояга етмаган қиз прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, 2 октябрь куни бир неча шахс томонидан зўрланганини маълум қилган ва уларга қонуний чора кўришни сўраган.
Ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланиб, жорий йил 30 октябрь куни вилоят прокурорининг тегишли буйруғи билан прокуратура органларидан бўшатилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда тайинланган судга оид тиббиёт ва биологик экспертизалари натижаларига кўра, жорий йил 31 октябрь куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва терговга тааллуқлилиги бўйича ички ишлар органига юборилган.
Олиб борилган тергов ҳамда тезкор тадбирлар давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, терговга жалб қилинган ва 8 нафар шахс, шу жумладан Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси процессуал тартибда ушланган, 1 нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган.
LiveБарчаси