Самарқандда ўқувчи қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
3-саҳифа
−
13 Ноябрь
43036Самарқанд вилоятида саккизинчи синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилди ва жинсий тажовуз қилинди. Бу ҳақда “Немолчи” лойиҳаси хабар берди.
Қайд этилишича, қиз 23 сентябрь куни ўғирлаб кетилган. Қизнинг қариндошлари бирмунча вақт ўтгач, бедарак йўқолган қиз ҳақида ариза билан тегишли жойга мурожаат қилган.
Қиз 6 октябрь куни танадаги зўравонлик излари билан топилган. Унинг сўзларига кўра, бир неча кун калтакланган, жинсий тажовуз қилинган, алкоголь ва тақиқланган моддалар истеъмол қилишга мажбурланган.
“Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 119-моддасига ( Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) биноан жиноий иш қўзғатилган. Барча иштирокчиларга нисбатан тегишли суд ва тиббий экспертиза тайинланган", дейилади хабарда.
Жабрланувчининг яқинлари ушбу тажовузни содир этганлар орасида прокуратура ходими бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
“Балки шунинг учун гумонланувчилар ҳали ҳамон озодликда юргандир”, дейди улар.
Қизнинг қариндошларига кўра, 7 октябрь куни (қиз топилганининг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун экспертиза 10 октябрь куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Аммо қонида алкоголь ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.
Қизнинг қариндошлари прокуратурага борганида ташқарида уларни психиатрик бригада кутиб турган, уларни участка нозири чақирган экан. Ваҳоланки, қизга психиатрик эмас, психологик ёрдам керак бўлган.
“Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмади. Лекин қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онаси жаримага тортилган. Кўп болали оилага (5 нафар фарзандлари бор) 1,2 млн сўм миқдорида жарима солишди. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқиб турибди, негаки ҳамма бўлган воқеадан хабардор”, дейилади хабарда.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан ўз ваколати доирасида кузатув олиб бораётганини билдирган.
“Ҳозирда жиноят иши доирасида вояга етмаган қизга нисбатан тегишли суд-тиббиёт ва биологик экспертиза тайинланган. Бу борада қўшимча ахборот берилади”, дейилади Болалар омбудсмани баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида таксист йўловчи қизга жинсий тажовуз қилганди. У қизни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, машинани тўхтатган, қизнинг телефонини олиб қўйган ва жинсий тажовуз қилган.