Самарқандда профилактика инспекторини урганлар қамоққа олинди (видео)
3-саҳифа
−
30 Июль
12674Самарқанд вилоятида профилактика инспекторини урган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 23 июль куни соат 17:30 ларда содир бўлган. Самарқанд шаҳри Сиёб маҳалласида яшовчи фуқаро навбатчилик қисмининг “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, Оқдарё тумани Наврўз маҳалласи Зарафшон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлар олдида нотаниш фуқаролар унга тегишли Nexia-3 русумли автомашинасининг ойналарини синдириб, ўзини уриб, тан жароҳати етказганлигини маълум қилган.
Чақирувга асосан Оқдарё тумани ички ишлар бўлими инспектори катта лейтенант Ўткир Бурқиев воқеа жойига етиб бориб, жанжал қилган фуқароларни Наврўз маҳалласида жойлашган хизмат хонасига олиб борган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мурожаат қилган фуқаро билан суҳбатлашиб турган вақтида ҳуқуқбузарлар 35 ва 19 ёшли йигитлар ҳамда 47 ёшли аёл “нима учун хизмат хонасига биринчи бизни киритмайсан, биз ҳам “102” рақамига мурожаат қилганмиз”, деб жанжал кўтарган.
Инспектор эса ишига халал бермай туришини, навбат билан гаплашишини айтган вақтида улар ходимни ҳақоратли сўзлар билан сўкиб, хонадан чиқиб кетган. Инспектор уларга кетиб қолмаслигини, қолаверса ҳолат бўйича тушунтириш хатлари олиши лозимлигини айтган вақтида, аёл киши келиб ходимнинг кийимидан тортиб қаттиқ ҳақоратлаган. Унинг укаси ва ўғли эса профилактика инспекторини уриб-тепган ва йиқитиб танасининг турли жойларига тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг учала фуқаро ҳам ўзларига тегишли бўлган автомашинага ўтириб, воқеа жойидан кетиб қолган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда 3 нафар гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинган.