Самарқандда машинасига бошқа авторақамни тақиб 76 марта қоида бузган ҳайдовчи ушланди
3-саҳифа
−
05 Октябрь
6756Самарқанд вилоятида машинасига бошқа автотранспорт воситасининг давлат рақамини тақиб юрган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳайдовчи Lacetti машинасига Damas русумли автомобилга берилган давлат рақамини тақиб олган ва йўлларда кўп маротаба тезлик қоидаларини бузган. Хусусан, автомобиль эгаси 2024 йилнинг январь ойидан шу пайтга қадар жами 76 марта машина тезлигини белгиланган меъёрдан оширгани радар қурилмаларига қайд этилган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Қарздорликни ундириш мақсадида Lacetti вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган. Қайд этилишича, жарималарнинг жами миқдори тахминан 50 миллион сўм атрофида бўлган.
Ҳайдовчидан нега бундай қилгани сўралганда, у радардан қочиш учун бошқа рақам тақиб ҳаракатланганини айтган.
“Радардан қочиш учун машинамга бошқа авторақамни тақиб олган эдим. Энди йўқ жойдан 50 миллион сўм жарима тўлайдиган бўлдим. Мактаблар олдидан ўтаётганда автомобиль тезлигини меъёридан оширмасликни тавсия қиламан”, деган ҳайдовчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Бағдод туманида жами 82 та қоидабузарлик содир этган фуқародан салкам 34 миллион сўм маъмурий жарима қарздорликлари ундирилганди. Ҳайдовчи ўзининг Honda Elysion русумли автомашинасида белгиланган тезликдан юқори ҳаракатланган. Шу сабабдан автомашина жарима майдонига жойлаштирилган. Фуқаронинг тўлаши керак бўлган сумма миқдори 33 миллион 66 минг 690 сўмни ташкил этган ва МИБ ходимлари ёрдамида ундирилган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь