Самарқандда Labo мактаб ўқувчисини уриб юборди. Бола вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
29 Июль
10265Самарқанд вилоятида Labo ҳайдовчиси мактаб ўқувчисини уриб юборди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 23 июль куни соат 14:00 атрофида “Саховат” МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўлда содир бўлган. Labo русумли автомашина ҳайдовчиси йўлнинг қатнов қисмидан ҳаракатланиб келаётган вояга етмаган велосипедчини уриб юбориб, ЙТҲ содир этган.
Оқибатда велосипедчи тан жароҳатлари билан шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. Олиб борилган муолажаларга қарамасдан у шифохонада вафот этган.
“Йўлда тўсатдан олдимда велосипед минаётган болакай пайдо бўлди. Мен уни сезмадим. Ҳайдовчилар ва велосипедчилардан эҳтиёт бўлишларини сўрайман. Мен қилган ишимдан афсусдаман. Бу бошқа такрорланмайди”, дейди ҳайдовчи.
Ҳозирда Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Spark пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган аёлни уриб юборганди.