Самарқандда бир қиз тўрт эркак томонидан зўрланди
3-саҳифа
−
05 Октябрь 2023
144935Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида бир қиз тўрт эркак томонидан зўрланган. Бу ҳақда “Сукут сақлама” хабар берди.
Лойиҳага қизнинг ота-онаси мурожаат билан чиққан. Уларининг айтишича, қиз ўша куни уйидан 3 км масофа узоқликда жойлашган қариндошиникига отланган. Йўлда у ҳамқишлоғи Т.Қ.нинг уйи атрофида бир гуруҳ маст кимсаларни кўриб қолган. Қиз уларни айланиб ўтишга чоғланган пайтида Т.Қ. унинг қўлидан тутиб олган. Бу жараёнга муқаддам судланган А.С. ва Т.С. ҳам қўшилган.
Қизни зўрлик билан уйга судраб киришгач, уч киши уни калтаклаган ва зўрлаган. Зўравонлар қаршилик кўрсатмаслиги учун унга пичоқ билан таҳдид қилган.
“Бироқ маст йигитлар учун бу етарли бўлмади: Т.Қ. яна бир ҳамтовоғини чақириб, уни ҳам ўз жиноятига шерик қилган. Улар жабрланувчига “гуллаб қўймаслик”ни, акс ҳолда уни ўлдириб юборишларини айтиб, қўрқитган”, дейилади бу ҳақдаги хабарда.
Шундан сўнг, қонли кўйлакдаги қиз шок ҳолатда қариндошиникига етиб келган ва туман ички ишлар ходимига мурожаат қилинган. Туман ИИБ ходими ҳафта охири эканлигини ва шунинг учун душанба куни келишларини айтган. Бироқ, душанба куни ҳам у экспертиза учун йўлланма беришни истамаган.
Оқибатда жабрланувчининг яқинлари прокуратурага мурожаат қилишга мажбур бўлган. Суд экспертизаси эса воқеа содир бўлганидан уч кун кечроқ ўтказилган.
“Бундай ҳолларда экспертизани тезроқ ўтказиш муҳимлигига қарамай, туман ИИБ ходимининг ҳаракатсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли уч кун йўқотилди. Унинг ишни кечиктириши “тасодиф”микин? У яна қанча зўрлаш ҳолатларига индамай қараб турган экан? Ёки унинг учун ҳуқуқбузарларнинг обрўси муҳимми? Адолатли иш кўрмаса, қандай қилиб у ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиши мумкин?”, дея ҳолат юзасидан ўз саволларини ҳавола этган “Сукут сақлама” лойиҳаси.
Жабрланувчининг қариндошлари экспертиза натижалари 24 июль куни эълон қилинганини хабар қилган. Биоматериалларда бир нечта намуналар топилган бўлса-да, иш фақат илгари судланган гумонланувчига нисбатан қўзғатилган. У жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) билан айбланиб, 5−8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
“Сукут сақлама” лойиҳаси Бош прокуратурага ушбу ишни назоратга олиш ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ фаолиятини текширишни сўраб мурожаат қилган.
"Балки Самарқанд вилояти ИИБ улар етакчилик қилаётган зўрлаш бўйича статистик кўрсаткичларни камайтиришга уринаётгандир. Бироқ, раҳбарият жимлик зўравонликлар сонининг ортишига хизмат қилишини тушунмайди", дея изоҳлаган буни лойиҳа муаллифлари.
Акобир Сайидов