Самарқандда 9 нафар раҳбар жаримага тортилди
Жамият
−
13 Ноябрь 2023
9373Самарқанд вилоятида 8 та туман ва 1 та шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг раҳбар ходимлари жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан вилоятдаги соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида ходимларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳолати мониторинг қилинган.
Мониторинг давомида 11 та туман тиббиёт бирлашмаларида 22 та ҳолатда мавжуд вакант лавозимларга очиқ танловларсиз ҳамда танлов ғолиби аниқлангунга қадар “в.б.” сифатида ходимларини ишга олиш ҳолатлари аниқланган.
Унга кўра, Булунғур, Жомбой, Нарпай, Нуробод, Паяриқ, Пахтачи, Тойлоқ, Самарқанд туманлари ва Самарқанд шаҳар Тиббиёт бирлашмаларининг 9 нафар раҳбар ходимлари жами 23 миллион 100 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилган.
Шунингдек, ноқонуний ишга қабул қилинганлар бўйича 22 та буйруқ бекор қилиниб, ташкилотларнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлимлари бошлиқларига интизомий чора қўллаш учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдимнома киритилган.