“Салимбойвачча”дан ёрдам сўраган қирғизистонлик депутат қамоққа олинди
Олам
−
25 Январь
9755Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Эмил Жамғирчиев қамоққа олинди. Бу ҳақда “АкиPress” хабар берди.
Қайд этилишича, Эмил Жамғирчиевни қамоққа олиш ҳақидаги қарор Первомайский туман суди томонидан қабул қилинган. У 26 февралгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида сақланади.
“Депутат жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида қўшни республикалардан бирига ноқонуний равишда боришга ва терговдан яширинишга қарор қилган, бу ҳақда Давлат қўмитасига тезкор маълумот келиб тушган”, дейилади хабарда.
Жамғирчиев иши
Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. У 2022 йил декабрь ойида Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраш мақсадида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга келган. Шунингдек, у “Салимбой”га Қирғизистонда тартиб ўрнатишини сўраб, хат ҳам ёзган.
10 январь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиевнинг Салим Абдувалиевга берган мактубини ўқиб эшиттирди.
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбаев, Жеенбеков, Жапаровлар президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”, дейди депутат ўз хатида.
Бунга жавобан эса Ташиев ҳеч бир президент Абдувалиевнинг дуосини олмаганини айтган.
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган. У менга нисбатан чора кўришни сўраган. Хат борлигини Жамғирчиевнинг ўзи ҳам тан олган. Тасаввур қилинг, депутатлар орасида шундай одамлар бор”, деган Ташиев.
Аммо унга жавобан Абдувалиев Қирғизистоннинг ишига аралаша олмаслигини айтган. Бундан хабар топган қирғизистонлик терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган.
Депутат 9 январь куни парламентда матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган, бироқ унда қатнашмаган. Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Депутат шундан сўнг ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб қочган. Орадан икки кун ўтиб, 12 январь куни у ўз оёғи билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа келган.
Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Биринчиси фирибгарлик, иккинчиси эса давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан эса унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев ҳозирда қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
Шунингдек, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Кабар” Қирғизистон ахборот агентлигига берган интервьюсида айтишича, Эмил Жамғирчиев ўзбекистонлик таниқли криминал авторитет Салим Абдувалиевдан икки кишини ўлдиришда ёрдам сўраган.
Жамғирчиевга қўйилган айблов
2020 йилда Эмил Жамғирчиев ва Бактибек Қалмуратов контрабанда бўйича қўзғатилган жиноий иш юзасидан саволларни ижобий ҳал этиш учун тадбиркордан пора олганликда айбланган эди. Жабрланувчи Эмир Эмилканов айбланувчига қўйган даъволаридан воз кечди. Биринчи май туман ва Бишкек шаҳар судлари ҳар икки айбланувчини жиноят исботи йўқлиги учун оқлади.
2022 йил 6 декабрда Бош прокуратура Олий судга Эмил Жамғирчиевга нисбатан оқлов ҳукмини бекор қилиш тўғрисида илтимоснома киритган. 26 декабрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси депутат қидирувда экани ҳақида хабар тарқатган. Жамғирчиев келганидан кейин у отасига қараш учун тўловсиз таътилга чиққани маълум бўлган. Натижада, 2023 йил январь ойида Қирғизистон Республикаси Олий суди ишни қўшимча терговга юборди.
LiveБарчаси