Саида Мирзиёева UNESCO’нинг Бош қароргоҳида нутқ сўзлади
Жамият
−
05 Сентябрь 2023
11577Кеча, 4 сентябрь куни UNESCO’нинг Париждаги Бош қароргоҳида “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” кўргазмаси очилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам қатнашиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон UNESCO Бош Конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда Самарқандда ўтказишга тайёрлигини маълум қилган.
“Агар ушбу таклиф маъқулланса, бу тарихий воқеа UNESCO сессияларини фақат Парижда чақириш бўйича 40 йилдан ошиқ давом этган анъанани ўзгартира олади”, дейди Мирзиёева.
Парижда очилган кўргазма ҳақида гапирар экан, Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган мазкур лойиҳа ташриф буюрувчиларга визуал инсталляциялар ёрдамида алломанинг ҳаёти ва ижоди, кашфиёт ва изланишлари ҳақида маълумот олиш имконини беришини қайд этган. Экспозицияда алломанинг Франция миллий кутубхонаси фондидан йиғилган қўлёзмаларига алоҳида жой ажратилган.
“Ўйлайманки, ушбу лойиҳа Европа жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб, буюк алломаларимиз мероси билан фахрланадиган ўзбек замини ҳақидаги тасаввурларини янада бойитади”, деган Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида Ўзбекистон Президентининг “Абу Райҳон Беруний номидаги UNESCO – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг ҳайкали ўрнатилиши бўйича келишувга эришилганди.