Саида Мирзиёева Тўқаевга раҳмат айтди

Жамият

image

Кеча, 21 июнь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қозоғистонга ташрифи доирасида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашув ўтказди ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ҳамда эзгу тилакларини етказди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.

Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Қозоғистон Ўзбекистон учун шунчаки қўшни мамлакат эмас, балки яқин дўст, ишончли стратегик ҳамкор ва иттифоқчи эканини таъкидлаган. Шунингдек, у Қосим-Жомарт Тўқаевга самимий қабул ва мамлакатлар ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган.

Ташриф доирасида Саида Мирзиёева Қозоғистон Президенти Администрацияси раҳбари Роман Скляр билан ҳам учрашган. Суҳбат давомида Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган. Томонлар давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларнинг тўлиқ ва изчил амалга оширилишини таъминлаш мақсадида президент администрациялари ўртасида янада тезкор ва самарали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга келишиб олган.

Шунингдек, Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин билан ҳам учрашув ўтказилган. Музокаралар чоғида узоқ муддатли шерикликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинган. Хусусан, маданий дипломатия, ёшларнинг икки мамлакат ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳамда юқори технологиялар соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Саида Мирзиёева Қозоғистон пойтахтидаги “Остона” халқаро молия маркази фаолияти билан ҳам танишган. У Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ишлари олиб борилаётган бир пайтда Қозоғистон тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Унинг қайд этишича, мазкур соҳада тажриба алмашиш нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтган Хорижий инвесторлар кенгашининг йиғилишида иштирок этганди. Унинг билдиришича, йиғилишда тараққиётнинг энг муҳим йўналишлари – иқтисодиёт, инфратузилма, инновациялар, таълим ҳамда бизнес учун қулай муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Саида Мирзиёева Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг