Саида Мирзиёева онкологик касалликларга доир дастурни ўз назоратига олади
Жамият
−
27 Ноябрь
2595Президент Шавкат Мирзиёев маъқуллаган аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастурини унинг ёрдамчиси Саида Мирзиёева шахсан ўз назоратига олади. Бу ҳақда у ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, дастур миллий ва халқаро экспертлар жамоасининг бир йилга яқин вақт давомидаги муҳокамаларидан сўнг қабул қилинган.
Ушбу ҳужжатга халқаро клиник амалиётлар асос қилиб олинган. Унга кўра, 30 ёшдан бошлаб аёллар ҳар 10 йилда инсон папилломаси вирусига тест топшириши, 45 ёшдан 65 ёшгача эса ҳар 2 йилда маммографиядан ўтиши керак бўлади. Ҳар бир аёл электрон рўйхатга киритилади ва ҳар қандай хавфли ўзгаришлар аниқланганда тизимда “йўқолиб қолмайди”. Дастур аниқ ҳаракатлар ва даволаш протоколларини ўз ичига олган.
“Албатта, бу жуда катта қадам ва ушбу ўзгаришлар жараёни шахсан ўз назоратим остида бўлади”, деб ёзади Мирзиёева.
Маълумот учун, 22 ноябрь куни “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Саида Мирзиёевага Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича топшириқлар ижросини назорат қилиш топширилганди.