Саида Мирзиёева Москвада Путиннинг одами билан учрашди
Жамият
−
28 Май 8883 1 дақиқа
Бугун, 28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия томонининг таклифига биноан Москва шаҳрида Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари Антон Вайно билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Билдирилишича, юқори суръатда ривожланиб бораётган ва аниқ натижалар бераётган Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

“Олий даражада эришилган келишувларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Келишувлар ижросини мониторинг қилиш бўйича яратилаётган механизм давлатларимиз раҳбарлари томонидан қўйилган вазифаларни ҳал этиш борасида Президент Администрациялари ўртасида ҳамкорликнинг самарали воситасига айланишига ишонч билдирилди”, деб ёзади Мирзиёева.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликнинг асосий йўналишлари, жумладан, инновацион лойиҳалар ва минтақалараро алоқалар атрофлича муҳокама қилинган. Гуманитар соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва меҳнат миграцияси масалалари юзасидан фикр алмашилган.

“Томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича яқиндан мувофиқлаштириш ва биргаликда ишлаш муҳимлиги таъкидланди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Тошкентда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашганди. Учрашув Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтди.