Саида Мирзиёева Қозоғистонда Ўрол Тансиқбоев ретроспектив кўргазмаси очилишида қатнашди
Жамият
−
19 Март
3567Кеча, 18 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қозоғистонда ўзбек тасвирий санъатининг тимсолларидан бирига айланган рассом Ўрол Тансиқбоевнинг ретроспектив кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Қайд этилишича, кўргазма Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, А.Кастеев номидаги Давлат санъат музейи ва Ўзбекистон музейлари билан ҳамкорликда очилган.
“Ушбу ноёб кўргазмада мусаввирнинг шаклланиш эволюциясини — илк тажриба чизгиларидан то мукаммал пейзаж асарларигача кузатиш имконини беради. Тансиқбоев ижоди Қозоғистон билан чамбарчас боғлиқ. У бу ерда кўп ишлаган, Абилхон Кастеев билан дўст бўлган. Умид қиламанки, ушбу кўргазма маданий алоқаларимизни янада мустаҳкамлайди”, дейди Мирзиёева.
Шунингдек, Саида Мирзиёевага Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ҳамроҳлик қилган.
Маълумот учун, Ўрол Тансиқбоев машҳур совет, ўзбек ва қозоқ рассоми ҳисобланади. У Ўзбекистон тасвирий санъатининг асосчиларидан бири бўлиб, СССР халқ рассоми (1963) унвонига сазовор бўлган.
Ижоди ва фаолияти давомида у 1923–1927 йилларда Тошкент санъат музейи қошидаги студияда Николай Розановдан таълим олган. 1928–1929 йилларда Пенза санъат билим юртида Иван Горюшкин-Сорокопудовдан таҳсил олган. 1929 йилдан бошлаб турли кўргазмаларда иштирок эта бошлаган. Унинг асарлари Ўзбекистон, Марказий Осиё ва Қозоғистон табиати ва одамларига бағишланган.
У 1938 йилда биринчи қозоқ балети “Қалқаман ва Мамир” (Қозоғистон Давлат опера ва балет театри, Олмаота) саҳна безакларини яратган. 1952–1954 йилларда Москвадаги ВДНХ кўргазмасида Ўзбекистон павильонининг деворий паноларини чизган. Манзара ва монументал тасвирий санъат жанрида машҳур картиналар муаллифи.
Тансиқбоев ўзбек санъатининг ривожига катта ҳисса қўшган ва унинг ижоди бугунги кунда ҳам қадрланади.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Абай номидаги Қозоғистон миллий опера ва балет театрида “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балет спектакли намойиш этилганди. Ушбу спектакль намойишида Қозоғистонга ташриф буюрган Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этган. Кеча, 18 март куни Саида Мирзиёева Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин билан учрашди.