Садир Жапаров Мирзиёевга қўнғироқ қилди
Жамият
−
04 Июль 2022
9439Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Садир Жапаров Қирғизистон томони Ўзбекистонда кечаётган воқеаларни катта ташвиш билан қабул қилганини таъкидлаган.
Ўз навбатида Садир Жапаров, қатъий ва келишилган ҳаракатлар туфайли Қорақалпоғистонда вазиятнинг нормаллашишини таъминлаш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик мумкин бўлганини таъкидлаган.
Садир Жапаров Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар натижалари барқарорликни таъминлаш учун мустаҳкам замин яратиши ва мамлакатнинг узоқ муддатли стратегиясини амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган.
Томонлар, шунингдек, 21 июль куни Қирғизистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига тайёргарлик ва кун тартибини ҳам муҳокама қилганлар.
Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатларининг барча раҳбарлари ушбу тадбирда иштирок этиш таклифини аллақачон қабул қилган.
Маълумот учун, Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев Қорақалпоғистондаги вазият фонида қирғизистонликларга мурожаат қилиб, турли провокацион постларни чоп этмаслик, қўшни ва бошқа мамлакатларда бўлаётган воқеаларга баҳо бермасликни сўраган эди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан ҳам фикр алмашган эди.
Жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.