Қозоғистон Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди

Олам 33522
image

Қозоғистон Ўзбекистон Республикасида содир бўлган сўнгги воқеаларни хавотир билан қабул қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар юзасидан бугун, 3 июль куни эълон қилган расмий баёнотида сўз боради. 

Баёнот аввалида расмий Нур-Султон Ўзбекистон Қозоғистон учун қардош давлат, ишончли иттифоқчи ва стратегик ҳамкор эканини урғулайди. 

“Шунинг учун Қозоғистон Ўзбекистон Республикасида содир бўлган сўнгги воқеаларни хавотир билан қабул қилди. 

Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. 

Ғоят муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик қарор топишига ишончимиз комил”, дейилади баёнотда. 

Шунингдек, алоҳида қайд этилишча, мамлакат 1998 йил 31 октябрда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йил 14 июндаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва 2021 йил 6 декабрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация руҳида кўп тармоқли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналиши тарафдори.

Маълумот учун, Қорақалпоғистондаги воқеалар авж олган паллада Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатдан йироқ, ёлғон ва фейк ахборотлар тарқатилди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1746
Рейтинг: 3
t
×