“Сабри баланд қадри паст устозлар”. Ўқитувчи фақат Ўзбекистонда калтакланадими?
Таҳлил
−
19 Апрель 2023
10441Куни кеча медиа маконнинг ўзбек сегментида Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги 31-сонли мактаб биносида эркак ўқитувчининг бир нечта аёл ўқитувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиб, уларни калтаклагани акс этган видео хабарлар кенг шов-шувларга сабаб бўлди. Воқеага бефарқ бўлмаганлар эркак ўқитувчининг бу ишини, албатта, қаттиқ жазога лойиқ деб ҳисоблади. Агар ушбу ҳолат дунё мамлакатларида юз берганда, зўравон эркакка нисбатан қандай чора кўрилган бўларди?
Ушбу мақолада ривожланган мамлакатларда ўқитувчиларга нисбатан зўравонликларга кўриладиган чора ва жазолар билан танишишингиз мумкин.
Америка Қўшма Штатларида зўравонлик даражаси ва ўқитувчига етказилган зарарга қараб, жарима, синов муддати, жамоат ишлари ёки қамоққа олиш каби бир қатор жазолар қўлланилиши мумкин.
Буюк Британияда ўқитувчиларни таҳқирлаганлар бир муддат озодликдан маҳрум қилиш жазосига ёки катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Мамлакат мактаб ўқитувчилари миллий ассоциациясининг аёл ўқитувчилари уюшмаси томонидан ўтказилган сўровга кўра, Буюк Британияда ўқитувчиларнинг 44 фоизи жисмоний, 72 фоизи эса оғзаки таҳқирланган.
Австралияда бу каби ҳолатларда жарима, шартли жазо, жамоат ишлари ёки озодликдан маҳрум қилиш каби бир қатор жазолар қўлланилиши мумкин.
Ҳиндистонда ўқитувчига нисбатан жисмоний тажовуз қилиш интизомсизлик ҳисобланади ва жиноятчига нисбатан мактабдан ҳайдалиш, ҳибсга олиниш ёки жамоат ишлари каби жазолар қўлланилиши мумкин.
Ҳиндистон Миллий таълим тадқиқотлари ва таълим кенгаши (NCERPT) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ўқитувчиларнинг 53 фоизи жисмоний тажовузлардан ташқари оғзаки ҳақорат ва қўрқитиш каби психологик зўравонликларга учраган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли ҳисобланади.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
2023 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган Давлат дастурида “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш вазифаси қўйилган. Унда педагог ходимларни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур шарт-шароит яратиш таълим ва тарбия жараёнининг сифатини ошишида алоҳида аҳамиятга эга экани ва ривожланган хорижий давлатларда ҳам педагог ходимнинг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий ҳимояси қонун даражасида белгиланган.
Сурхондарёда юз берган ҳолатга қайтадиган бўлсак, Ўзбекистон Респубикаси Бош прокуратурасининг дастлабки маълумотларига кўра, аёл ўқитувчиларга куч ишлатганликда айбланаётган 34 ёшли эркак ўқитувчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 277-моддасига кўра, безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 апрель куни соат 12:00 да Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-сонли мактабдаги директор хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчилар билан жанжаллашиб, уларга тан жароҳати етказган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова муносабат билдириб, эркак ўқитувчи ҳуқуқ тартибот органлари томонидан назоратга олингани ва жазосиз қолмаслигини айтган эди. Шунингдек, у ҳолат шахсан ўзининг назорати ортида эканлиги ҳамда ўқитувчилар учун бу ҳолатга тушиш уят экани маълум қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь