Руслан Чагаев Фьюри ва Нганну жангига муносабат билдирди
Спорт
−
17 Июль 2023
8828Супероғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев Тайсон Фьюри ҳамда Франсис Нганну ўртасидаги эҳтимолий жанг ҳақида фикр билдирди. Унга кўра, мазкур жанг бокс қоидалари асосида ташкил этилса, Фьюри ҳар томонлама устунликка эга чиқади.
“Агар жанг профессионал бокс қоидалари асосида ўтказилса, Франсисда ҳеч қандай имкон бўлмайди. Агар аралаш яккакураш жанги бўлса, у ҳолда албатта Нганну ютади. Бироқ улар оғир вазн тоифаси вакиллари ва бу ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин”, дейди Чагаев.
Гап шундаки, бу икки жангчи бир-биридан фарқли спорт турлари билан профессионал тарзда шуғилланади. Британиялик Тайсон Фьюри боксчи, Франция ва Камерун икки фуқаролигидаги Франсис Нганну эса собиқ UFC чемпиони ҳисобланади. Улар ўртасидаги тўқнашув 28 октябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Matchroom промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирнга кўра, боксчи ва ММА жангчиси ўртасидаги баҳс кўргазмали жанг фонида ташкил этилади.
Маълумот учун, Фьюри профессионал боксда 34 та жанг ўтказиб, 33 та ғалаба ва битта дуранг натижа қайд этган. У декабрь ойида ватандоши Дерек Чисорани мағлуб этди ва Жаҳон бокс кенгаши (WBC) версияси бўйича оғир вазн тоифасидаги жаҳон чемпионлиги унвонини муваффақиятли ҳимоя қилганди.
UFC билан янги шартномадаги муаммолар сабаб хайрлашган Нганну эса ММА'да 20 та жанг ўтказиб, фақат 3 тасида мағлубиятга учраган. У UFC'ни оғир вазн тоифасидаги чемпионлик мақомида тарк этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь