Рус пропагандаси ўз ташвиқоти учун майдон қидиряпти – Дилором Каримова

Жамият

image

Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова сўнгги йилларда мамлакатга серқатнов бўлиб қолган россиялик санъаткорларни, улар томонидан амалга оширилаётган пропагандани танқид остига олди. Бу ҳақда у миграция масалалари бўйича фаолият олиб борувчи “Migrant.uz” каналига берган интервьюсида сўз очди.

“Бугунги кунда бутун дунёда рус [Россия] қудрати, рус [Россия] характери, рус тили, рус қуролига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Шу сабабли рус пропагандаси ўзининг ташвиқотини тинглайдиган майдон қидиряпти. Мана шу майдонлардан бири эса бизнинг майдон (Ўзбекистон) бўлиб қоляпти. Россиянинг Украинага босқинидан кейин рус санъати аҳли бизга жуда сертакаллуф ва серқадам меҳмонимиз бўлиб қолди. Мана, яқинда тикланган ўзбек Тошкент кинофестивалининг энг азиз меҳмонлари ҳам урушни ёқловчи, урушни тарғиб қилувчи Никита Михалков, Сергей Безруковдек киносанъаткорлардир. Улар келиб катта залларга ёшларни йиғиб, рус ташвиқотини олиб боради”, деган Ўзбекистон халқ артисти.

Шунингдек, у россиялик санъаткорларнинг нутқларидан айрим иқтибосларни келтирган. Улардан бири Бутунроссия кинематография институти ректори Владимир Малишевнинг шу институт филиали Ўзбекистонда очилганда талабаларга айтган нутқидир.

“Сизлар биз билан мустаҳкам алоқа қиляпсиз, тинглаяпсиз. Бунинг учун ташаккур. Биз сизлар билан биргамиз ва ишонамизки, бундай алоқалар натижасида ўзбек киноси дунёни забт этади”, деган эди Малишев.

Ўзбек актрисаси Дилором Каримованинг айтишича, Малишев нутқидан сўнг у талабаларга ташаккурномалар топширган. Лекин ушбу ташаккурномалар талабалар томонидан ишланган фильмлар учун эмас, шунчаки Малишевни эшитгани, қабул қилганига берилган.

Бундан ташқари, у агар талабалар яхши ҳамкорликни давом эттирса, уларнинг фильмлари, албатта, жаҳонга чиқишини ваъда қилган.

“Яна бир машҳур режиссиёр Никита Михалков Ўзбекистондаги деярли барча фестивалларнинг азиз меҳмонидир. Яқинда ўзининг “12” дея номланган спектаклини Ўзбекистонга олиб келди ва Навоий номидаги (Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри) театрда ижро этилди. У Ўзбекистондаги нутқларидан бирида шундай деганди:

“Истайисизми-йўқми сизлар бизнинг таркибий қисмимиздасиз. (!) Биз ягона танамиз. Мен бу ерда турист эмасман”. Демак, у бу ернинг меҳмони эмас, хўжайини эканини айтмоқда. У мана шундай фикрлар билан ёшлар ўртасига учрашувлар ўтказмоқда”, дейди куюниб Дилором Каримова.
 
Шунингдек, у Михалковни биттагина кўрсатув билан русларда украин халқига нисбатан нафрат туйғусини уйғотганликда айблаган.

“Яна шундай азиз меҳмонлардан бири Сергей Безруков. У ўз нутқларидан бирида “мен тарихни тиклаш ва давом эттириш тарафдориман”, деган. Демак у орқага қайтмоқчи. Худди Путиннинг мақсади СССРни тиклаш бўлганидек, унинг ҳам мақсади – шу. Унинг айтишича, давлатларнинг бугунини ўтмиш билан боғлайдиган ришталар узилмаслиги керак”, дея Безруковнинг гапларидан иқтибос келтирган Каримова.

Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино оламидаги қатор роллари билан танилган актриса, педогог Дилором Каримова сўзида давом этиб, ўзбекистонлик санъаткорларни рус пропагандасига қарши курашишга чақирган.

“Биз ўзбекистонлик санъат аҳли, адабиёт аҳли майдонимизни бундай одамларга бериб қўймаслигимиз керак. Уларнинг ташвиқотидан ёшларимизнинг қалбини асраш учун курашишимиз керак”, деган у.


Мақола муаллифи

Теглар

Дилором Каримова пропаганда Владимир Малишев Никита Михалков Сергей Безруков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг