Қўрқаётган исроилликлар, Непaлдаги фожиа ва қаҳрамонлардан воз кечаётган Тўқаев – Weekend

Review

Reklama
0:00

Ҳимолайда даҳшатли фожиа. Музлик қулаши оқибатида баъзи қишлоқлар ер билан битта бўлди. Юзлаб қурбонлар, минглаб бедарак йўқолганлар бор. Фожиадан кейин эса Дональд Трамп тўсатдан “беғараз саховатпеша”га айланди. Хўш, Американинг Ҳимолайга эътибор қаратиши шунчаки инсонпарварликми ёки Шарқий Осиёда янги геосиёсий таъсир доирасини бўлишиб олиш ўйиними?

“Хавфсизлик ороли” дея кўкка кўтарилган Исроилик эртаги ичкаридан барбод бўлади шекилли. Бугун исроилликларнинг 52 фоизи хорижда ўз паспортини кўрсатишдан ҳам, миллатини айтишдан ҳам ҳайиқяпти. Тель-Авивнинг кўп миллиард долларлик пропагандаси ўз халқини қўрқув гирдобига ташлади.

АҚШ хариталарни қалам билан эмас, қурол билан қайта чизишга ўтди. Трамп Онтарио кўлини “Америка кўли” деб эълон қилди. Канадани бўлса “51-штат” даражасига туширмоқчи. Дунё яна жим. Шу аросатли кунларда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф махфий равишда Москвага борди. Худди шу лавозимдаги аввалги инсон сўнгги марта Россияга келганидан кейин Украина билан уруш бошланганди. Хўш, бу сафар бизни нима кутяпти?

Тўқима ботирлар, дарсликлардаги 700 дан ортиқ сохта факт ва адабиётдаги сурункали йиғлоқилик... Қосим-Жомарт Тўқаев миллий мафкурани “тозалаш”га қатъий қарор қилди! У сохта қаҳрамонликлар ҳақида гапиришни, ёзишни ва ўқитишни тўхтатмоқчи. Хўш, Остонанинг бу фавқулодда мафкуравий бурилиши бутун Марказий Осиё учун ҳушёрлик даъвати бўла оладими?

Юзлаб қурбонлар ва минглаб йўқолганлар

Ҳимолай – азалдан дунё томи, софлик ва тинчлик рамзи сифатида кўрилган. Аммо табиат ўз мувозанатини йўқотганда, афсонавий чўққилар ҳам шафқатсиз қотилга айланишини навбатдаги фожиа яна бир бор кўрсатиб қўйди.

26 август куни эрталаб Ҳимолайдаги музлик қулади. Улкан тош массаси ва лой қолдиқлари дарёга ёпирилиб, сув сатҳи кескин кўтарилиб кетди. Натижада шиддатли лойқа оқим водийларни ёриб ўтиб, Катманду ва Тибетни боғловчи стратегик маршрут бўйлаб электр станциялари, йўллар ва кўприкларни йўқ қилди. Табиийки одамларни ҳам.

АҚШ Геология хизмати дастлаб ҳудудда 4,4 магнитудали зилзила қайд этилганини билдирган. Кейинчалик бу зилзила эмас, балки 5,2 магнитудага тенг музлик қулаши натижасида юзага келган сейсмик ҳодиса экани аниқланган. Мутахассисларнинг айтишича, музликдан тушган муз ва тошлар дарёни тўсиб қўйган, шундан сўнг сув катта куч билан пастга оқиб, аҳоли пунктларига зарар етказган. Тришули дарёсида сув сатҳи ярим соат ичида 9 метрга кўтарилган.

Тасдиқланган қурбонлар сони 616 кишига етди, 1000 га яқин одам эса бедарак йўқолган. Уларнинг камида 540 нафари хорижий сайёҳлардир. Ачинарлиси биз бу маълумотларни берган пайтимиз, аслида рақамлар янада кўпайган бўлиши мумкин. Омон қолганларни топиш умиди ҳар соатда сўниб бормоқда, чунки қутқарувчилар техникалар ва изқувар итлар ёрдамида фақат лой остидан қурбонларнигина қазиб олмоқда.

Дунё таҳлилчиларига кўра, ушбу глобал фожиа ортидан дарҳол катта сиёсат “саҳнага чиқди”. АҚШ президенти Дональд Трамп Непалга ёрдам таклиф қилганини айтди.

“Ҳеч ким ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаган, жуда қудратли, мустаҳкам, яхши қурилган бинолар худди тиш ковлагичдек супуриб ташланди. Бу даҳшатли ҳодиса. Биз ёрдам юборяпмиз, раҳбарият билан гаплашдик ва нимаики хоҳласалар, шуни етказиб беришимизни билдирдик”, дейди Трамп.

Одатда халқаро ёрдамлар ва иқлим ўзгаришлари учун пул ажратиш ҳақида гап кетганда прагматик позицияда турадиган Жаноб Трампнинг тўсатдан тиш ковлагичдек учиб кетган биноларга қараб Ҳимолайга нисбатан чексиз саховат кўрсатиб қолиши эътиборни тортади. Шарқий Осиёда Пекиннинг таъсири кучайиб бораётган бир пайтда Непалга узатилаётган бу каби “беғараз” ёрдамлар замирида шунчаки инсонпарварлик ётибдими ёки геосиёсий мувозанатни ушлаш истагими? бу мантиқий саволни ўзингизга қолдирамиз.

Бошқа томондан, чегаранинг нариги тарафида – Хитойда ҳам вазият мураккаб. Пекин 1951 йилда расман ўз таркибига қўшиб олган Тибет мухтор туманида 558 киши бедарак йўқолган бўлиб, уларнинг 260 нафари хорижликлардир. Хитой бош вазири Ли Сян 27 август куни тушдан кейин шахсан офат ҳудудига етиб борди. Бу ташриф Пекин ушбу фалокатга миллий миқёсдаги энг устувор масала сифатида қараётганини англатади. Бугун Хитой ҳарбийлари ва муҳандислари 8 кишилик гуруҳ тузиб, тўғон билан тўсилиб қолган сунъий кўлнинг 3D моделини яратишга уринмоқда. Чунки яқин уч кун ичида у ерга яна 3 миллион куб метр сув қуйилиши кутиляпти. Хитой Сув ресурслари вазирлигига кўра, кўл қирғоқларининг ёрилиши хавфи юқори ва 1 сентябрь атрофида сув оқими энг юқори нуқтага чиқиши кутилмоқда.

27 август куни тошқиндан жабр кўрган Нувакотга ташриф буюрган Непал бош вазири Балендра Шах вазият ҳамон оғирлигини таъкидлади.

“Барча давлат идоралари тўлақонли қувват билан ишламоқда. Бизнинг ҳозирги биринчи навбатдаги вазифамиз – ҳар бир фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолиш, бедарак йўқолганларни қидириб топиш ва қутқариш, ярадорларни даволаш ҳамда жабрланган оилаларга зудлик билан ёрдам беришдир”, дейди Балендра Шах.

Айни пайтда бутун дунё бўйлаб бедарак йўқолганларнинг қариндошлари маълумот излаб сарсон бўлмоқда. Читван тумани маъмури Ганеш Арьялнинг айтишича, расмийлар унинг туманидаги дарё тизимидан 103 та жасадни топишган. Маҳаллий касалхоналар ва ўликхоналар барча жасадларни сиғдира олмагани сабабли, туман расмийлари чодирлар ўрнатиб, оилалар ўзларининг вафот этган қариндошларини таниб олишлари ва олиб кетишлари учун шароит ҳозирламоқда.

Хўш, бу гирдоб ичида ўзбекистонликлар борми? Ўзбекистоннинг Деҳлидаги бир вақтнинг ўзида Непалда ҳам фаолият юритадиган элчихонаси берган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида ватандошлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Дипломатик ваколатхона тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб, вазият ривожини мунтазам кузатиб бормоқда.

“Reuters” берган сўнгги хабарларга кўра, ҳудудда умуман 1,5 мингга яқин киши бедарак йўқолган, уларнинг 700 дан ортиғи чет элликлардир. Непалда 5 мингдан ортиқ ҳарбий ва полиция ходими қидирув-қутқарув ишларига жалб этилган.

Моҳиятини йўқотаётган дипломатия

Дунё сиёсатида “дипломатия” тушунчаси борган сари ўз моҳиятини йўқотиб, худди болалар майдончасидаги ўйинлар, масалан коптоги бор бола ҳаммасини ҳал қиладиган маҳалла футболига ўхшаб қоляпти. Вашингтонда Оқ уй томонидан қабул қилинаётган бир-биридан ғалати қарорлар фикримизга яққол далилдир.

27 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп навбатдаги шов-шувли баёноти билан халқаро ҳамжамиятни яна бир бор таажжубда қолдирди. У Онтарио кўли номини “Америка кўли” деб ўзгартириш ҳақидаги фармонни имзолади. Ўзгариш дарҳол кучга кириши эълон қилинди.

“Онтарио кўлининг номини Америка кўлига ўзгартирамиз. Ўзгариш дарҳол кучга киради. Аслида бу ўзгариш ҳақида мен узоқ вақтдан бери ўйлаб юрган эдим”, дейди Трамп.

Тўғри, географик хариталарни бир қарич қалам билан қайта чизиб қўйиш Трамп учун янгилик эмас. Ўтган 2025 йилнинг январида у Мексика кўрфазини “Америка кўрфази” деб аташни буюрган эди. Энди эса навбат географиянинг энг йирик объектларига келганга ўхшайди. Трамп шундай шаъма қиляпти.

“Кўрфаз ва кўл номини ўзгартирдик, энди навбат океанга. Балки Атлантика ёки Тинч океанидан бирортасини номини ўзгартиришимизга тўғри келар. Эҳтимол, иккаласини ҳам ўзгартирармиз”, деди Трамп.

Лекин бу ерда кичик бир ҳуқуқий ва мантиқий чалкашлик бор. Онтарио – Шимолий Американинг бешта Буюк кўлидан бири бўлиб, унинг майдонининг 52 фоизи Канадада, қолган 48 фоизи эса АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган. Трампнинг буйруғи фақат АҚШ федерал идоралари учунгина амал қилади, аммо у халқаро ҳамжамият ёки Оттава учун гидронимни ўзгартириш ваколатига эга эмас. Онтарио номи 400 йилдан ортиқ тарихга эга. Шу боис, Канада бош вазири Марк Карни ижтимоий тармоқда Трампнинг янги қарори бўйича муносабат билдирди.

“Биз Американинг ўзгараётганини кўриб турибмиз. Уларнинг савдо муносабатлари, ташқи сиёсати, миллий ёдгорликлари ва гидронимлари ўзгармоқда. Канадаликлар учун бу кўл илгари ҳам, ҳозир ҳам ва ҳар доим Онтарио кўли бўлиб қолади”, деди у.

Трампнинг бу каби рамзий “босимлари” шунчаки зерикканидан айтилаётган гап эмас. Бу Вашингтон ва Оттава ўртасидаги савдо музокаралари барбод бўлганидан сўнг бошланган савдо урушининг давомидир. Ҳар иккала томон импорт-экспорт товарларига 50 фоизгача бож жорий қилди. Шу билан бирга, Трамп Канадани тез-тез “АҚШнинг 51-штати”га айлантириш ҳақида таҳдид қилиб келмоқда.

Хўш, сўнгги йилларнинг энг шов-шувли савдо низоларидан бирига айланган бу инқироз қандай ва нега бошланди? Жавоб Вашингтоннинг тажовузкор протекционизм сиёсатига бориб тақалади. АҚШ администрацияси шимолий чегаралардан ноқонуний миграция ва контрабанда оқими тўхтамаётганини баҳона қилиб, Канададан кириб келувчи импорт товарларига тариф босимини ўтказа бошлади. Ойлаб давом этган мураккаб музокаралар натижасиз тугаб, Вашингтон талаблари жавобсиз қолгач, икки ўртада ҳар икки томон импорт-экспорт товарларига 50 фоизгача бож жорий этиш ҳақидаги қарорлар кучга кирди. Бу эса автомобилсозлик, хомашё ва саноат тармоғини бир лаҳзада танг аҳволга солиб қўйди.

Бироқ бу қарама-қаршилик шунчаки молиявий тарифлар кураши бўлиб қолмади, балки очиқчасига психологик ва сиёсий босим тусини олди. Дональд Трампнинг Канадани тез-тез “АҚШнинг 51-штати”га айлантириш ҳақидаги баёнотлари ҳамда рамзий таҳдидлари шунчаки ҳавойи гап эмаслиги эълон қилинган божлар миқдорида ўз тасдиғини топди. Вашингтон Канаданинг АҚШ иқтисодиётига 70 фоиздан ортиқ даражадаги структурвий боғлиқлигидан фойдаланиб, Оттавага ўз шартларини мажбуран ўтказишга уринмоқда. Трампнинг “АҚШ таркибига кирилса, барча божлар бекор бўлади ва ҳарбий хавфсизлик кафолатланади” мазмунидаги абсурд риторикаси ҳамда Онтарио кўли номини “Америка кўли” деб ўзгартириш ҳақидаги расмий тадбирлари дипломатия тарихида кам учрайдиган босим воситаларига айланди.

Ушбу иқтисодий урушнинг асоратлари эса ҳар икки томондаги оддий фуқаролар ва бизнес вакиллари чекига тушмоқда. Детройт ва Виндзор каби чегарадош ҳудудларда ўн йиллар давомида шаклланган ягона автомобилсозлик занжири 50 фоизлик божлар сабабли фалаж ҳолатга келди. Тайёр маҳсулот таннархининг кескин ошиши ҳар иккала мамлакатда инфляция даражасини кўтариб, озиқ-овқат, энергия ва маиший техника нархларининг қимматлашишига олиб келди.

Натижада Оттава Вашингтонни эндиликда ишончли иқтисодий ҳамкор деб ҳисобламаслик учун етарлича асосларга эга бўлди. Канада расмийлари ўз суверенитетини ҳимоя қилишини ва ҳеч қандай шароитда АҚШ штатига айланмаслигини билдириб, тезкорлик билан Европа Иттифоқи ҳамда Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан савдо йўналишларини диверсификация қилишга киришди. Кўриниб турибдики, Вашингтоннинг “51-штат” риторикаси ва рамзий босимлари Канадани таслим этиш ўрнига, Шимолий Америкадаги кўп йиллик стратегик иттифоқчилик пойдеворини дарз кетказмоқда.

Хўш, хариталарни қайта чизиш билан машғул бўлган Вашингтон ички муаммоларни қандай ҳал қилмоқда? Сайловолди кампаниясида дунёда тинчлик ўрнатиш ва инфляцияни жиловлаш ваъдаси билан келган Трамп бугун ҳар иккала йўналишда боши берк кўчага кириб қолди. АҚШ ва Исроилик олти ой олдин Эрон билан ҳарбий тўқнашувга киришди. Канада билан савдо уруши ва Эронга қарши ҳаракатлар сабабли америкаликлар учун яшаш нархи кескин ошиб кетди.

Махфий учрашув

АҚШ ичида шундай маъмурий ва иқтисодий босимлар кучайган бир вақтда, халқаро майдонда кутилмаган махфий дипломатия ҳам ҳаракатга келди. 25 август куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклифф эълон қилинмаган ва очиқланмаган ташриф билан Москвага учиб келди. Бу Америка разведкаси раҳбарининг сўнгги беш йилдаги Москвага илк ташрифидир. Оқ уй бу ҳақда расмий маълумот бермади, бироқ Flightradar24 маълумотлари Америка ҳарбий самолёти Москванинг “Внуково” аэропортига қўнгани ва у ерда қарийб тўққиз соат бўлганини қайд этди.

Ушбу ташриф сабаблари борасида таҳлилчилар орасида турли тахминлар илгари сурилмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ташрифни тасдиқлаб: “Рэтклифф махсус хизматлар ўртасидаги алоқалар учун ташриф буюрди”, деди. Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Нарышкин эса америкалик ҳамкасби билан “очиқ айтилмайдиган ва нозик масалалар” муҳокама қилинганини таъкидлади. Трампнинг ўзи эса барча тахминларни рад этди.

“Турли хил миш-мишлар юрибди – Путин НАТОнинг қатъиятини синаб кўрмоқчилигидан тортиб, Англияга зарба бермоқчилигигача. Биз уларга Эрон санкцияларига жиддий ёндашаётганимиз ҳақида хабар бермоқчи бўлганимизни ҳам айтишмоқда. Буларнинг ҳеч бири эмас. Жон Рэтклифф – ажойиб инсон. Биз Украинадаги уруш тугаши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширяпмиз”, деди у.

Бироқ, Ғарбнинг Financial Times ва Wall Street Journal каби етакчи нашрлари воқеага бошқача баҳо бермоқда. Разведка маълумотларига кўра, Вашингтон Россиянинг НАТОга аъзо мамлакатлардан бирига қарши эҳтимолий сафарбарликка тайёргарлиги ҳақида сигнал олган. АҚШ Миллий разведкаси директорининг собиқ ўринбосари Бет Сеннернинг фикрича эса “мақсад – биз нимани ният қилганингизни биламиз, яхшиси бундай қилманг”, деб огоҳлантириш бўлиши мумкин.

Бошқа бир мантиқий версияга кўра, Рэтклифф Москвага Эрон масаласида келган бўлиши мумкин. АҚШ ҳозирда Теҳронга қарши “Иқтисодий яккалаш” операциясини ўтказмоқда ва Москвадан Эрон билан савдо-сотиқни чеклашни сўраган бўлиши эҳтимолга яқин. Шунингдек, парда ортида маҳбусларни алмашиш бўйича навбатдаги махфий музокаралар кетаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бу мавзуда алоҳида таҳлил тайёрлаганмиз, уни экранларингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали қидириб топишингиз мумкин.

Россияга қарши бирлашув

Швеция, Польша, Нидерландия ва Испания Европа комиссиясига биргаликда мурожаат қилиб, Россиянинг музлатилган активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида фойдаланишнинг янги вариантларини кўриб чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда тўрт мамлакат ташқи ишлар вазирлари 27 август куни қўшма мактуб йўллаган.

Ҳужжат муаллифлари Европа комиссияси техник экспертларига ЕИ мамлакатлари билан биргаликда музлатилган активлардан фойдаланишнинг янги механизмларини ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда. Эътиборли жиҳати, тўрт давлат ушбу таклифда эҳтимолий молиявий ва иқтисодий хатарлар барча аъзо давлатлар ўртасида тенг тақсимланиши кераклигини таъкидлаган. Евроиттифоқ ичида ҳар ким ўз манфаатини ҳимоя қилишга уринаётган бир пайтда, бирор мамлакат зиммасига катта юк тушмаслиги талаб этилаётгани дипломатияда парда ортидаги хавотирлардан дарак беради.

Хўш, нега бу масала яна кун тартибига чиқди? Жавоб оддий: Украинанинг молиявий эҳтиёжлари кескин ортмоқда. Европа Иттифоқи томонидан Киевга 2026–2027 йилларга мўлжалланган 90 миллиард евро миқдоридаги кредит режалаштирилган бўлса-да, мактуб муаллифлари бу маблағ етарли бўлмаслигини очиқ айтишмоқда. Москва ҳужумлари давом этар экан, уруш харажатлари ҳам ўсиб бораверади. Шу сабабли ЕИнинг тўрт аъзоси Россия активларидан фойдаланиш орқали бир томондан Москвани молиявий жавобгарликка тортишни, иккинчи томондан эса европалик солиқ тўловчилар зиммасидаги юкни енгиллатишни кўзламоқда.

Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ҳам ушбу ташаббусни очиқ қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, Россия Украинага репарация тўламагунича бу маблағларни барибир қайтариб ололмайди. Шу сабабли активларни уруш тугашини кутиб, кейин тиклаш ишларига сарфлашдан кўра, ҳозир Киевни ҳимоя қилишга йўналтириш мақсадга мувофиқдир.

Бироқ Брюссельнинг ўзида бу масалага муносабат анча эҳтиёткорона. Европа комиссияси вакили Балаш Уйвари Брюсселдаги брифингда Россия активлари ҳисобига “репарацион кредит” ажратиш масаласи 2025 йил декабридаги ЕИ саммитидан кейин расман кун тартибидан ўчирилмаганини билдирди. Бироқ у амалда ҳеч қандай силжиш бўлмаганини ҳам яширмади.

“Ушбу вариантни илгари суриш учун етарли қўллаб-қувватлаш бўлмади ва менинг билишимча, масала шу нуқтада тўхтаб қолди”, дейди Балаш Уйвари.

Тўрт давлат ушбу мураккаб масалани 2 сентябрь куни Ирландияда Gimnich форматида ўтказиладиган ЕИ ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида қайта муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Мактуб ЕИ олий вакили Кая Каллас ҳамда ЕИ Кенгашига раислик қилаётган Ирландия ташқи ишлар вазири Ҳелен Макэнтига йўлланган.

Европада Россия активларини қандай тақсимлаш устида бош қотирилаётган бир пайтда, Жанубий Кавказда йиллардан бери давом этиб келган геосиёсий дўстлик риштаси узиляпти. Арманистон ҳукуматининг яқин беш йилга мўлжалланган янги дастурида Россия билан муносабатлар шаклини кескин ўзгартирди. Мамлакат бош вазири Никол Пашинян 27 август куни Ереванда ўтказилган матбуот анжуманида Москвани энди стратегик ҳамкор деб ҳисобламаслик учун етарлича асослар пайдо бўлганини очиқ айтди.

“Агар ҳозир “стратегик ҳамкорлик” деб ёзсак, сиз нега Россия ва КХШТ 2022 йилнинг сентябрида хавфсизлик соҳасидаги мажбуриятларини бажармаганини сўрайсиз”, дейди Никол Пашинян.

Гап шундаки, Арманистон ва Россия биргаликда аъзо бўлган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти уставида жуда аниқ ва расмий бир қоида – 4-модда бор. Унда “Агар аъзо давлатлардан бирига нисбатан тажовуз (ҳарбий ҳужум) амалга оширилса, бу КХШТнинг барча аъзо давлатларига қилинган тажовуз деб баҳоланади ва бошқа мамлакатлар унга дарҳол керакли ёрдамни, шу жумладан ҳарбий ёрдамни бериши шарт” дейилган. 2022 йилнинг сентябрида Озарбайжон билан чегарада тўқнашувлар бўлганда, Ереван бу ҳолатни ўз ҳудудига тажовуз деб баҳолади ва КХШТ уставининг 4-моддасини ишга туширишни – яъни ҳарбий ва сиёсий ёрдам беришни сўради.

Москва ва ташкилот аъзолари шартномада белгиланганидек ҳарбий ёки аниқ сиёсий ёрдам бермади. “Биз чегара масаласида ким ҳақлигини билмаймиз, чунки делимитация (чегарани ажратиш) бўлмаган. Шунинг учун ҳар иккала томонни босиқликка чақирамиз”, дейиш билан чекланди.

Пашинян айнан шу ҳақида гапиряпти. “КХШТ ва Россия шартномада “сенинг хавфсизлигингга хавф туғилса, сени ҳимоя қиламан” деб сўз берган эди. Лекин бошимизга иш тушганда “биз аралашмаймиз” деб, ўз сўзида турмади. Шунинг учун амалда ишламаётган, бизни ҳимоя қилмаган ва берган сўзини бажармаган иттифоқни нега энди қоғозда “стратегик ҳамкор” деб аташимиз керак?” демоқчи у.

Узоқлашиш аслида анчадан бери кузатилаётган эди. Мисол учун Россияга Арманистондан мева, сабзавот, кўкатлар, гуллар, минерал сув ва сўт-балиқ маҳсулотлари экспортига чекловлар ортидан январь–июнь ойларида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 20,9 фоизга тушиб, 3,33 миллиард доллардан 2,63 миллиард долларгача қисқарди.

Ереван экспорт йўналишларини Евроиттифоқ томонга бурди. Биринчи ярим йилликда Арманистоннинг ЕИга экспорти 80 фоизга ошиб, 516 миллион долларга етди. Европа Иттифоқи эса бу бурилишни қўллаб-қувватлаб, экспортни қайта йўналтириш учун Ереванга 52 миллион евро ёрдам ажратди ва арман товарларининг 80 фоизи учун божхона тўловларини бекор қилди.

Кўриниб турибдики, Россия ўз таъсир доирасидаги собиқ иттифоқчиларини иқтисодий ва ҳарбий томондан йўқотиб боряпти. Яқин келажакда халқаро муносабатлар харитаси бутунлай ўзгариб кетиши шубҳасиз.

Исроилликлар исроиллик эканидан қўрқяпти

Халқаро майдонда ўзини “демократия ва хавфсизлик ороли” деб таърифлашга кўниккан Исроил жамияти бугун анча мураккаб ва ноқулай психологик воқеликка рўпара келмоқда. Center for Jewish Impact ташкилоти томонидан август ойида ўтказилган сўровнома натижалари Яқин Шарқдаги урушнинг глобал акс садоси исроиллик фуқароларни хавотирга сола бошлаганини кўрсатди.

Сўровнома хулосаларига кўра, респондентларнинг 52 фоизи, яъни ярмидан кўпроғи хорижга чиққанда ўз миллати ва фуқаролигини очиқ айтишдан ҳайиқади. Йиллар давомида дунёнинг исталган нуқтасида паспортини ғурур билан кўрсатишга одатланган жамият учун бу етарлича жиддий ва оғриқли сигналдир. Халқаро майдонда антисемитик кайфиятнинг авж олиши ва Тель-Авив сиёсатига нисбатан кескинлашган душманлик сабаб, сўровда қатнашганларнинг 41 фоизи ўз хатти-ҳаракатларини мажбуран ўзгартирган. Улар ёки режалаштирилган сафарларни бекор қилмоқда, ёки хавфсизроқ деб ҳисобланган йўналишларни танлаб, маълум машғулотлардан ўзини олиб қочмоқда.

Ушбу ижтимоий манзара фонида Исроилнинг халқаро дипломатияси ва Фаластинга қарши тарғибот аппарати шунчаки танқид остида қолмай, балки очиқчасига шармандалик сифатида баҳоланмоқда. Респондентларнинг 64 фоизи Вашингтон билан муносабатларни барқарор деб ҳисобласа-да, атиги 23 фоиз аҳоли мамлакат ўз позициясини дунёга самарали етказиб бера оляпти деган фикрда. Умуман олганда, сўровда қатнашганларнинг 70 фоизи давлатнинг ташқи дипломатиясини самарасиз деб топган. Ҳукуматнинг юз минглаб долларлик тарғибот лойиҳалари амалда хориждаги оддий фуқаро хавфсизлигини таъминлаш тугул, элементар тушунтириш ишларини ҳам уддалай олмаётгани очиқ кўриниб турибди.

Center for Jewish Impact раҳбари Роберт Сингер ушбу кўрсаткичларга ўз баҳосини берди.

“Аҳолининг аксарият қисми глобал саҳнада Исроилик ўзини қандай кўрсатаётганидан норози экани ва яримдан кўп фуқаролар хорижда ўзлигини ошкор қилишдан қўрқаётгани давлат учун жиддий қизил байроқ – яъни бонг урилиши керак бўлган огоҳлантиришдир”, деди Роберт Сингер.

Шунга қарамай, Исроил жамоатчилиги мамлакатнинг бой берилган обрўсини буткул тиклаб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисобламайди. Аҳолининг 33 фоизи вазиятдан чиқиш учун аввало дипломатия ва коммуникация бўйича узоқ муддатли миллий стратегия ишлаб чиқишни таклиф этаётган бўлса, 25 фоизи ҳукуматнинг қарор қабул қилиш механизми ва амалдаги сиёсатини тубдан ўзгартириш шарт деб билади. Атиги 14 фоиз респондентгина халқаро имижни тиклашнинг энди иложи йўқ деган пессимистик қарашда.

Шунингдек, сўровда диаспора яҳудийлари билан алоқалар масаласи ҳам алоҳида ўрин олган. Аҳолининг 70 фоизи Исроил давлати хориждаги яҳудий жамоаларига молиявий ва ресурс ёрдамини кучайтириши керак деган фикрни қўллаб-қувватлаган. Уларнинг 26 фоизи ушбу сармояларни хорижлик яҳудийларни Исроилга кўчиб ўтишга рағбатлантиришга йўналтиришни афзал кўрса, 23 фоизи халқаро миқёсда яҳудий жамоаларининг хавфсизлигини таъминлашни, 17 фоизи эса фуқаролик жамияти ташкилотлари орқали ёрдам кўрсатишни зарур деб ҳисоблайди.

Исроил ташқи сиёсати ва халқаро муносабатларига нисбатан ўз аҳолисида шундай фикрларнинг пайдо бўлиши ҳарбий устунлик ёки сиёсий баёнотлар глобал жамоатчилик фикрини ўзгартиришда ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермаслигини исботлади дейишимиз мумкин.

Тўқима қаҳрамонлардан воз кечинг

Марказий Осиё минтақасида давлатчилик ва миллий ўзликни англаш масаласи борган сари долзарб сиёсий ҳамда мафкуравий кун тартибига кўчмоқда. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг мамлакат таълим тизими ҳамда тарихий дарсликлар хусусида билдирган сўнгги муносабати нафақат ички аудитория, балки минтақавий гуманитар сиёсат кузатувчилари диққат марказида бўлди.

Маҳаллий ҳамда ОАВ берган маълумотларга кўра, Қозоғистон раҳбари ишончсиз тарихий маълумотлар ва сохталаштирилган афсоналар билан тўлдирилган ўқув материалларини зудлик билан қайта кўриб чиқиш бўйича қатъий топшириқ берди. Давлат раҳбари ҳукумат томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида мактаб дарсликларида 700 дан ортиқ қўпол хатолик ва ноаниқликлар аниқланганини билдириб ўтган.

“Болаларга қандайдир ўйдирма қаҳрамонлар ва уларнинг аслида бўлмаган жасоратлари ҳақида афсоналар сўзлаб берилмоқда. Болаларни ёлғон, сохталаштирилган маълумотларни тарқатиш орқали ватанпарварлик руҳида тарбиялаш халқимизнинг маънавий ўзагига путур етказиши муқаррар”, деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Тўқаевнинг бу баёноти йиллар давомида миллий идеологияни шакллантириш баҳонасида ўйлаб топилган тўқима мифология ҳамда арзон популизмга берилган жиддий зарбадир. Хўш, президент назарда тутган дарсликлардаги сохта қаҳрамонлар ва ўйдирма сюжетлар ортида айнан қандай тарихий конструкциялар яширинган?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, таълим тизимидаги бу каби нуқсонлар асосан бир нечта йўналишда кўзга ташланади. Биринчидан, бу совет идеологиясидан мерос бўлиб ўтган ҳамда узоқ йиллар дарсликларда мутлақ ҳақиқат сифатида ўқитиб келинган “28 панфиловчи қаҳрамон” афсонасидир.

1941 йилда Москва яқинидаги жангларда генерал Иван Панфилов дивизиясининг асосий қисми Олмаоталик бўлган 28 нафар жангчиси танклар ҳужумини тўхтатиб, барчаси қаҳрамонларча ҳалок бўлгани айтилади. Аммо бу ҳикоя кейинчалик Россия Давлат архивида очиқланган ҳужжатлар ва ҳарбий прокуратура суриштирувларига кўра, шунчаки “Красная звезда” газетаси мухбирлари томонидан ўйлаб топилган журналистик тўқима бўлиб чиққан эди.

Иккинчидан, мустақиллик йилларида XVIII–XIX асрлардаги жунғорлар ва бошқа босқинчиларга қарши курашган ботирлар ҳамда бийлар ҳаётини ҳаддан ташқари мифологизация қилиш жараёни авж олди. Архив ҳужжатларида ёки холис ёзма манбаларда номи деярли учрамайдиган, фақат оғзаки халқ достонларида ёки айрим уруғ шажарасида тилга олинган маҳаллий арбоблар дарсликларда бутун бир халқни қутқарган “буюк саркарда” даражасига кўтарилди. Кичик бир ҳудудий тўқнашувлар эса сунъий равишда юз минг кишилик тақдирни ҳал қилувчи буюк жанглар сифатида талқин этилди.

Учинчидан, Қозоғистон илмий жамиятида “рувчилик” деб аталувчи уруғчилик иллати сабаб, ҳар бир маҳаллий элита ўзининг “шахсий қаҳрамони”ни ўйлаб топиш ва уни миллий даражага олиб чиқиш амалиётини авж олдирди. Манбаларда тасдиқланмаган, лекин маҳаллий ёзувчи ҳамда тадқиқотчилар томонидан тарғиб қилинган шахсларга ҳайкаллар ўрнатилиб, уларнинг тўқима жасоратлари ўқув дастурларига сингдирилди. Шунингдек, илмий ва археологик асосларсиз айрим шаҳарлар тарихини бир лаҳзада “минг йиллик” деб эълон қилиш ҳолатлари ҳам учраб турди.

Ҳақиқий ва объектив халқ тарихини мифологик эртаклар билан алмаштириш ёш авлоднинг реал воқеликка ва ўз ўтмишига танқидий баҳо бериш салоҳиятини йўққа чиқаради. Тўқаев ватанпарварлик тарбияси фақат ва фақат холис ҳамда тасдиқланган тарихий фактларга асосланиши лозимлигини, ёшлар ўз ўтмишини қандай бўлса шундайлигича қабул қилиб, келажакка ишонч билан қараши шартлигини таъкидлади.
 

Давлат раҳбари ўз нутқида нафақат дарсликлардаги қалбаки қаҳрамонлар, балки миллий адабиёт ва бадиий тафаккурдаги сурункали пессимизм ҳамда тушкунликни ҳам кескин танқид қилди. У қозоқларни “ҳамиша мотам тутувчи ва йиғлоқи миллат” сифатида тасвирлаш амалиётидан воз кечишга чақирди. Президент адабиётда жуда кенг тарқалган, қайғу, алам ва соғинч маъноларини англатувчи мұң (муң) сўзини мисол тариқасида келтириб ўтди.

“Баъзи адибларимиз мұң сўзини севиб қолишган: жүрегімде мұң, көзімде мұң! Қайғу – ёшларимиз учун ёмон ҳамроҳ. Буни сизга аниқ айтаман. Биз кучли ва бунёдкор миллат бўлишимиз лозим. Ёшларга бефарқлик ва тушкунлик бегона бўлиши керак”, дейди Тоқаев.

Тўқаевнинг ушбу чақириқлари замонавий жамият ва миллат психологисини трансформация қилишга қаратилган. Асрлар давомидаги фожиалар ёки мустамлака даври аламларини такрорий равишда бадиий асарлар орқали тарғиб этиш ёшларда боқимандалик ҳамда ожизлик комплексини шакллантириши мумкин. Аксинча, Қозоғистон раҳбари таъбири билан айтганда, янги авлод “ечиб бўлмайдиган вазифанинг ўзи йўқ, ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин” деган ғоя ва прагматик ишонч билан тарбияланиши шарт.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Остона таклиф этаётган ушбу ёндашув минтақа давлатлари учун ҳам муҳим намуна ҳисобланади. Тарихни афсона ва сохталаштирилган қаҳрамонликлар билан эмоционал безаш эмас, балки объектив фактлар асосида замонавий, прагматик ва келажакка йўналтирилган маънавий пойдевор қуриш давр талабидир.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends