“Рус дунёсига босим ортмоқда”. Россия энди “нацист”ларни Марказий Осиёдан қидирмоқчими?
Олам
−
27 Ноябрь 2023
22089Жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Қирғизистонда бўлиб ўтган “Яқин хориждаги россиялик ватандошлар” Х минтақавий конференцияси иштирокчилари "рус дунёсига босим кучайиб бораётгани"ни қайд этди. Бу ҳақда Россия ТИВ хабар берди.
"Форумнинг якуний ҳужжатларида делегатлар кўп қутбли ва адолатли дунё тартибига ўтиш жараёнида қарама-қаршилик ортиб бораётгани ва рус дунёсига босим ҳар доимгидан кучайишини маълум қилди", дейилади вазирликнинг баёнотида.
Форум давомида ташкилий тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги, хорижий рус ҳамжамиятлари фаолиятининг долзарб масалаларини ўрганиш, жумладан, Россия ҳудудлари билан ҳамкорлик қилиш, улар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида иштирок этиш, уларни ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Михаил Галузин қўшни мамлакатларда рус ҳамжамияти томонидан рус тили ва рус маданиятини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Галузиннинг айтишича, "Россия ҳукумати минтақа давлатларидаги рус жамиятлари билан муносабатларни ривожлантиришга эътибор қаратади".
Унга кўра, навбатдаги форум 2024 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин Москвага борган Имомали Раҳмонни “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида рус тили Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.
LiveБарчаси