Путин Раҳмонни “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлади
Олам
−
21 Ноябрь 2023
3961Россия Президенти Владимир Путин тожикистонлик мавқедоши Имомали Раҳмонни учинчи даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 21 ноябрь куни расмий ташриф билан Россияда бўлиб турган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Кремлда Владимир Путин билан яккама-якка тарздаги музокаралари бўлиб ўтган.
Маслаҳатлашувлар делегация аъзолари иштирокида ишчи нонушта тарзида давом этган.
Музокаралар якунида Владимир Путин Тожикистон Республикаси Президентига Россия Федерациясининг давлат мукофоти – III даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденини топширган.
“Имомали Раҳмон икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун Россия Президентининг фармони билан III даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланди”, дейилади Кремл хабарида.
Саммит якунлари бўйича ҳужжатлар тўплами имзоланган. Россия-Тожикистон музокаралари якунида Владимир Путин ва Имомали Раҳмон матбуотга баёнот берган.
Кун тартибида савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари, Россия-Тожикистон стратегик шериклигининг бошқа муҳим жиҳатлари, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинган.
LiveБарчаси