Бир йилда тил билан нималар бўлди?
Жамият
−
21 Октябрь 840 7 дақиқа
Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму, бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Бу шеър ёзилганига қарийб 30 йилдан ошди, аммо ушбу сатрлар ортида беркинган муаммо ҳануз тўла ҳал этилгани йўқдек гўё. Ҳозир ҳам тилимизга нисбатан фахр 21 октябрь кунидаги байрамларда, саҳналардаги шеърларда ва монологларда қолмоқда. Аммо кўчага чиққанингиз заҳоти русча ёки инглизча сўзларни аралаштириб гапириш, дўкон-у корхоналарга алламбало хорижий сўзларни ном қилиб қўйиш одатий ҳол бўлиб қолган.
Қандай гапириш ёки ўз бизнесларига қандай ном қўйишни одамларга буюриб бўлмайди, албатта. Биз ҳам буни таъкидлашдан йироқмиз, зеро ватан ёки тилга нисбатан муҳаббатни фақат шу омиллар орқали баҳолаш ҳам тўғри эмас. Бундан ташқари, ҳар қандай тилни ўрганиш фойдадан холи эмас.
Аммо Ўзбекистонда рус тилининг мавқеи ўзбек тилидан юқори бўлиши, русийзабон инсонлар ўзини бошқалардан устун билишига тоқат қилиб бўладими? Ваҳоланки, минг бора айтилса ҳам ҳануз эскирмаган мавзуга қайтишга мажбурмиз.
Яқинда Centrum Air авиакомпанияси билан юз берган воқеа ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқиб улгурмаган бўлса керак. Эслай олмаётганлар ёки бехабарлар бўлса, эслатай. Шу йилнинг 5 октябрь санасида авиакомпаниянинг C6468 Самара – Тошкент рейсига Комил исмли фуқаро чиқарилмаган. Билет билан бўлган муаммо ёки шубҳали кўрингани учун эмас, стюардессадан ўзбек тилида гапиришни сўрагани учун. Тошкентга учиши керак бўлган йўловчи самолётга чиқишида стюардессадан унга ўзбек тилида мурожаат қилишини сўраган. Ходим эса қилган иши учун йўловчидан узр сўраш ўрнига, унга “Хоҳласам русча, хоҳласам ўзбекча гапираман”, деб жавоб берган. Шундан сўнг, самолёт капитани билан гаплашиб чиққан борт кузатувчиси фуқарони рейсга чиқармаган.
Буни қарангки, қаҳрамонимиз блогер бўлиб, Instagram’да ҳам анча-мунча кузатувчига эга экан. Воқеани шартта тасвирга олибди-да, уни ўз саҳифасига жойлаб юборган.
Шунингдек, қаҳрамонимиз ўзини тоқатли эканлигини айтиб, 30 дан ортиқ давлат ва 150 дан зиёд шаҳарларни айланиб чиққани ва ўзи билан бундай ҳолат олдин ҳеч қачон юз бермаганини таъкидлаган. У Жиддадан Тошкентга келишида 18 соат, Истанбулдан қайтишда эса 7 соат кечикканида ҳам авиакомпания устидан шикоят қилмаганини билдирган. Аммо шунчаки ходимдан ўзига ўзбек тилида мурожаат қилишни сўрагани учун уни рейсга чиқаришмагани Комил аканинг тоқатини тоқ қилди.
“Айбим – “ўзбекча гапиринг”, деганимми? Ҳаттоки рус миллатли ички ишлар ходимлари ҳам ҳайрон қолди, бундай ҳолат биринчи марта бўлди деб. Агар менда хато бўлганда Россия ички ишлар ходимлари энамни кўрсатaрди, депорт қиларди, жарима қиларди, керак бўлса, қамаб қўйишарди. Паспортимни олиб кириб кетишиб, бир соат текширишди ва қайтариб олиб чиқиб узр, вақтингизни олганимиз учун деб кечирим ҳам сўрашди”, деб ёзади Комил ака.
Рейсдан тушириб юборилганидан кейин фуқаро Самарадан Москвага учишга мажбур бўлган ва у ердан Тошкентга бошқа бир самолёт орқали етиб келган. Унинг сўзларига кўра, Centrum Air рейси учун олган чипта пули қайтариб берилмаган.
Ўша куниёқ берилган авиакомпания муносабатида эса барча айб йўловчининг ўзига илинган. Centrum Air Press расмий Telegram саҳифасида ёзилишича, фуқаронинг ўзи ходимга нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган ва қўпол оҳангда талаблар қўйган.
“Мазкур ҳолатда C6468 Самара – Тошкент рейси йўловчиси борт кузатувчисига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган: қўпол тарзда талаблар қўйган, ходимани ҳақорат қилган ва йўловчиларнинг бортга чиқиши вақтида унинг ишига халақит берган. Бундай хатти-ҳаракат бортдаги хавфсизлик ва тартибга таҳдид туғдириши мумкин эди, шу сабабли ҳаво кемаси командири йўловчини парвозга қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарорни тўлиқ асосли деб ҳисоблаймиз”, деб ёзилади муносабатда.
Шунингдек, компания барча воқеа тафсилотлари ёзиб олинганлиги, ҳатто йўловчи устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш масаласи муҳокама қилинаётганини айтган. Бироқ пост билан бирга на видео материал ва на бирор-бир сурат тақдим этилди.
Аксинча, кейинчалик жамоат босимидан сўнг, Centrum Air бош директорининг биринчи ўринбосари Маъруфжон Мадалиев X'даги (собиқ Twitter) саҳифаси орқали асл айбдор стюардесса бўлгани ва у айбини тан олганини маълум қилган.
Аслида бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Жамиятимизда рус тилини билувчилар зиёли, бошқалар эса инглиз тили даражаси қанчалик юқори бўлмасин, омидек кўрилиши шаклланиб қолган. Тўғрироғи, ўзимиз шундай жамиятни яратиб қўйганмиз. Қимматроқ ресторан ёки дўкон кассасида турган русийзабон инсонга ўзимизга эмас, унга қулай тилда гапиришга уринамиз. Ваҳоланки, хизмат кўрсатувчи – у. У сизнинг кўнглингизни олиши керак.
Ишга қабул қилишда ҳам соҳа мутахассислигидан ташқари рус тилининг мажбурий бўлиши кўплаб замонавий ёшларга маъқул келмаяпти. Чет эллик туристлар, рус тилида мулоқот қилувчи мижозлар бўлиши мумкин, хизмат кўрсатиш соҳасидаги бу талабни нормал қабул қилиш мумкин. Аммо офисдаги бир рус ходим сабабли бутун жамоада русийзабон муҳитни яратаётганларга нима дейсиз? Ахир аллақачон бу тил давлат тили эмас-ку.
Ҳатто буни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам яхши билар экан. Сўнгги кунларда унинг бир журналист билан бўлган қисқа баҳси интернетда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди.
Кўпчилик бу ерда ўзбек журналисти рус тилида гапирди, деб ўйлади. Аслида эса бу суҳбат хорижий Bloomberg нашрининг мухбири билан бўлган. Рубио ундан маҳаллий тилни биласанми, деб сўраган. Журналист эса бунга жавобан рус тилида жуда ёмон гапиришини айтган. АҚШ Давлат котиби эса кинояли қилиб: “Рус тили анчадан бери бу ерда давлат тили эмас-ку”, деб ҳазил аралаш дакки берган.
Ажойиб суҳбат: Америкадан келган одам сенинг тилинг қайси эканини эслатиб қўйса. Рубио – маълумотига кўра, бизнесмен. Аммо энг қудратли сиёсий тизимга эга мамлакатдан келаётганини инобатга олсак, унинг сўзларидан ҳам аллақандай сигналларни топиш мумкин. Масалан, Самарқандга келиш олдидан у сўнгги вақтда Ўзбекистонда нималар муҳокама қилингани, яқинда қайси байрам бўлгани каби бир қатор маълумотларни ўрганган бўлса, ажаб эмас. Ҳар ҳолда, воқеалар хронологияси мана шундай тартибда жойлашиб қолгани одамда ҳар хил тасаввурларни пайдо қилади.
Алифбо янгиланди
Аслида, йил давомида давлат тилининг мамлакатдаги ўрнини ошириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу жумладан, ўтган йили 22 октябрь куни қабул қилинган қарорга кўра, 2026 йилдан бошлаб янги қурилаётган турар жой мажмуалари номлари давлат тилида бўлиши талаб этила бошланди. Шунингдек, объект паспорти, пешлавҳа ва қурилиш майдони тўсиқларидаги бошқа ёзувлар ҳам давлат тилида бўлиши, унга оид реклама ва эълонларда ўзбекчадан фойдаланилиши мажбурий этиб белгиланган эди.
Йилнинг, балки сўнгги ўн йилликнинг тил билан боғлиқ энг катта ислоҳоти, шубҳасиз, алифбо билан боғлиқдир. Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолади. Энди O‘ ва G‘ ўрнига Ö ва Ğ, Sh ва Ch ўрнига эса Ş ва Ç ёзилади. Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева эса буни узоқ йиллик тарихий хатонинг тузатилиши, деб атади.
“Ниҳоят, узоқ йиллик тарихий хато тузатилди. Бугун Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзоладилар”, дейди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, ўзгаришларнинг яна бир муҳим жиҳати – Ng бирикмаси алифбодаги мустақил ҳарф мақомидан чиқарилади, аммо тутуқ белгиси сақлаб қолинди. Янги алифбо тўғрисидаги қонун расман 21 апрелдан кучга кириши белгиланган.
Гап фақат ҳарфларнинг кўринишида эмас. Амалдаги ёзувда O‘ ва G‘ ҳарфларини апострофга ўхшаш белгилар билан ифодалаш, Sh ва Ch товушларини эса иккита ҳарф орқали ёзиш компьютер клавиатурасида матн териш, электрон қидирув, маълумотларни қайта ишлаш ва турли тизимларда ёзувларни бир хил шаклда сақлашда ноқулайликлар туғдириб келган. Янги алифбо ушбу муаммоларни камайтириш ва ўзбек тилининг рақамли муҳитдаги имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Янги алифбога ўтиш тизимли ташкил этилган бўлиб, шахсни тасдиқловчи ва расмий ҳужжатларда, миллий валюта ҳамда қимматли қоғозларда, шу вақтгача чоп этилган китобларда ва амалдаги дарсликларда эски алифбо сақланиб қолинади. Белгиланган янгилаш муддати келгандагина улар янги алифбода қайта чоп этилади. Аммо олти ойдан сўнг давлат органлари, расмий ҳужжатлар, нашриётлар ҳамда оммавий ахборот воситалари тўлиқ янги алифбода иш олиб бора бошлайди.
Юқоридаги ислоҳотларнинг мақсади бир – ўзбек тилини янада истеъмолга қулай ва оммабоп қилиш. Биз ҳам шуни истаймиз: ўзбек тили бошқа тиллардан пастда турмаслигини, ўзбекзабонларни – бошқаларнинг ҳам ҳурматида бўлишини истаймиз. Зеро, миллий тил – миллий ғурур демакдир.
Live
Барчаси21 Октябрь
21 Октябрь
Саида Мирзиёева Ашхободга борди
21 Октябрь